“ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТ” ГУЛДУГА БОРДИ

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг навбатдаги йиғилиши ноанъанавий тадбир билан бошланди. Ижодкорлар дастлаб Гулистон давлат университетида иш бошлаган “Қатағон қурбонлари” музейи экспонатлари билан танишдилар. Музейни янада бойитиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

 Сўнгра вилоят журналистлари Гулистон давлат университетининг янгидан бунёд этилган “Маънавият ва маърифат” марказига йўл олдилар. Бу ерда университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Хожиев билан қизғин гурунг ташкил қилинди. Ректор дастлаб журналистларга университетнинг кадрлар салоҳияти, илмий-педагогик потенциали, моддий техник базаси ҳақида атрофлича маълумот берди. Суҳбат асно олийгоҳ ҳаётида сўнгги икки йил орасида катта эврилишлар юз берганлиги ойдинлашди. Масалан, университет жамоаси бугунги кунда Германия, Жанубий Корея, Россия каби ривожланган давлатларнинг олий ўқув юртлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш йўлида саъй-ҳаракат кўрсатаётгани ижод аҳлининг диққатини ўзига тортди. Айни паллада Россия олийгоҳларининг бир гуруҳ ўқитувчи-профессорлари Гулистон давлат университетида лекциялар ўқишмоқда. Сўнгги бир йил орасида университетнинг илмий салоҳияти 2,3 фоизга ошганлиги эътиборга моликдир.

Вилоятимиз халқ хўжалигининг ривожланишига қараб университетда бир неча янги йўналишлар очилди. Келгусида бу жараён изчил давом эттирилади. Ўтган ўқув йилида талабалар сони 4500 нафарни ташкил этган бўлса, амалдаги ўқув йилида сиртқи, махсус сиртқи бўлимларнинг очилиши эвазига улар сони 7007 нафарга етди. Янги ўқув йилида бу миқдор янада ошади. Чунки Президентимизнинг кўрсатмаларига кўра олийгоҳда ўқийдиган талаблар сони йилма-йил кўтарилиши керак. Инчунун, мамлакатимизнинг ривожланган, илғор давлатлар қаторига қўшилишида олий маълумотли мутахассисларнинг ўрни беқиёсдир. Ректор билан мулоқот қизғин савол-жавоблар билан якунланди.

 Сўнгра “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаевнинг “Ёшлар газетаси қандай бўлиши керак?”  мавзусидаги чиқиши ҳамда “Сирдарё” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Алимбой Нишоновнинг “Маҳорат мактаби” машғулоти бўлиб ўтди. Нотиқлар ўз нашрларини қандай қилиб ўқишли қилиш борасида олиб бораётган тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Касбдошлар дадилроқ бўлишга, бир-бирларини Президентимиз олиб бораётган инқилобий ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишга чорладилар. Зеро, “тўртинчи ҳокимият” ўз номига монанд ҳақиқий ҳокимиятга айланса, кўп нарсалар ечилиб кетишига ишонч билдирилди.

Йиғилишда қатор ташкилий масалалар ҳам ечимини топди. Гулистон давлат университети, вилоят телерадиокомпаниясида уюшманинг бошланғич ташкилотлари тузилганлиги эълон қилинди. Туман ва шаҳарларда ҳам бу жараён йўлга қўйилиши ҳақида келишиб олинди.

Машварат сўнггида вилоят Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бойжигит Абдуллаев яқин кунларда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан бўладиган юзма-юз мулоқотга пухта тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкасбларига маслаҳатлар берди.

You may also like...

Fikr bildirish