ПЕНСИЯ ТЎЛАШДАГИ ЎЗГАРИШЛАР


Пенсия таъминотида нималар эътиборга олинди? Кимга қанча пенсия тўланмоқда? Кимларнинг пенсиясига қўшимча қўшилдию кимларникига қўшилмади? Чет элда ишлаётган шахсларга пенсия тўлаш тартиби қандай?

Оқолтин туманида бўлиб ўтган сайёр йиғилишда ана шулар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5597-сонли Фармонига кўра, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланмоқда. Ушбу Фармон асосида пенсия тўлашдаги янгича тартиблар бўйича фуқароларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилиб (олаётган пенсияларига қўшилган қўшимчалар ёки қўшилмаган), уларга пенсиялар тўланмоқда. Лекин баъзи фуқароларда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш, пенсия таъминотидаги янгича тартиблар борасида саволлар туғилмоқда.

Шу боис бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси томонидан жойларда фуқаролар билан мулоқотлар — сайёр йиғилишлар ташкил этилмоқда. Яқинда Оқолтин туманидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли сув истеъмолчилари ҳудудида жойлашган “Аҳиллик” маданият марказида ана шундай тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи Ғайрат Исроилов очди ва бошқариб борди.

—Кейинги пайтда фуқаролардан пенсия ёшида ўзгариш бўлган, бўлмаганлиги, Президентимизнинг тегишли Фармони асосида пенсия таъминотида рўй берган янгиликлар, кимларнинг пенсиялари ошгани ёки ошмаганлиги, шунингдек, ёшга доир ёки хасталик, туғма ногиронлиги бор шахсларга пенсия тайинлаш ва бошқа масалалар тўғрисида кўплаб ёзма, оғзаки саволлар тушмоқда, — деди Ғ.Исроилов. — Уларга ўз вақтида тегишли ҳужжатлар асосида батафсил жавоб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Фармон ижросини таъминлаш, пенсияларни қайта ҳисоблашга доир саволларга жавоб бериш учун вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз учрашувлар ўтказмоқдамиз. Пенсияга чиқиш ёшида ҳеч қандай янгилик бўлгани йўқ. 2021 йилгача бу борада ўзгариш кўзда тутилмаган.

Пенсия тайинлашда ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори қўлланилиши энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача кўпайтирилди. Шуни таъкидлаш жоизки, пенсия тайинланишида бугунги кунда амалдаги талабга асосан юқори ойлик иш ҳақи олган фуқароларнинг даромадлари энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 8 баробаридан ошмаган ҳолда ҳисоб-китоб қилинган. Ундан юқори ойлик иш ҳақи миқдори эса инобатга олинмаган.

Мисол учун: фуқаро 35 йил стажга эга. Унинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 2 миллион 200 минг сўм. Амалдаги талабга асосан пенсия 1 миллион 621 минг сўмдан ҳисобланган (энг кам иш ҳақининг 8 баробари), қолган 579 минг сўм миқдори инобатга олинмаган. Шу тариқа пенсия миқдори 1 миллион 54 минг сўм миқдорини ташкил этади (пенсиянинг таянч миқдори — 891550 сўм, яъни ўртача иш ҳақининг 55 фоизи ва талаб қилинган (25 йил) иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун оширилиши 10 фоиз миқдорида).

Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳожиакбар Остонақулов Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсиясини ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги 3680-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Жумладан, агар хорижга бориб, ишлаётган фуқаро ҳар ойда, чоракда (оила аъзолари орқали), ёки уйига қайтганидан сўнг 3 ой ичида амалдаги энг кам иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида солиқ тўласа, у бир йиллик иш стажига эга бўлади. Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги бошлиғи (4 сотихдан кам бўлмаган ери бўлса), хонадонида чорвачилик билан шуғулланаётган фуқаролар ҳам жорий йилнинг октябрь ойига қадар энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида солиқ тўласа, бир йиллик меҳнат стажига эга бўлади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор ҳам ҳар ойнинг 25-санасигача энг кам иш ҳақининг ярмига тенг миқдорда, 4 сотихдан кам бўлмаган томорқасида банд бўлган, 50 бош парранда парваришлаётган жисмоний шахслар ҳам йилига энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида солиқ тўласалар, уларга бир йиллик иш стажи белгиланади.

Йиғилишда қатнашган пенсия жамғармаси вилоят бошқармасининг пенсия таъминоти бўлими бошлиғи Акбар Эгамбердиев, туман адлия бўлими вакили Т.Каримов, туман халқ банки мутахассиси А.Лапасов, давлат хизматлари маркази ходими Ў.Жабборовлар ҳам фуқаролардан тушган саволларга (ўз хизмат доираларига тегишли) жавоб беришди.

Тадбир иштирокчилари шу куни пенсия таъминоти бўйича ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоб олдилар. Шу билан бирга баъзи муаммоли саволлар мутахассислар томонидан ёзиб олинди ва уларга, албатта, тегишли қонунлар асосида тез кунда жавоб берилиши, ижобий ҳал этилиши айтилди. Бу каби сайёр йиғилишлар бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этилмоқда.

You may also like...

Fikr bildirish