ШАРОИТ ЯХШИ, АММО…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5590-сонли Фармонида республикада соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида муайян натижаларга эришилганлиги таъкидлаб ўтилган. Жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини ташкил этиш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими такомиллаштирилганлиги, аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилганлиги, аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш даражаси ошганлиги қайд этилган.

Буни вилоятимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Туманларда бир неча қишлоқ врачлик пунктлари қисқартирилиб, уларнинг ўрнида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилганлиги аҳолига кенгайтирилган тарзда сифатли тиббий хизмат кўрсатишга эришилди. Кўплаб қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ошди, шарт-шароитлар яхшиланди.

Оқолтин туманидаги Бобур номли сув истеъмолчилари уюшмаси марказида жойлашган қишлоқ врачлик пункти 5600 дан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Муассасада 13 нафар тиббиёт ходими фаолият олиб боради. Жамоага тажрибали шифокор Баҳром Аширқулов раҳбарлик қилади.

Хизмат сафари билан ҳудудга борганимизда ҳаво анчайин изғиринли эди. Бир неча юмушларни битириб, (биз иштирок этган тадбир ўтказилган ҳашаматли “Аҳиллик” маданият марказининг зали иситилмас экан), совуққотиб қолдик ва қишлоқ врачлик пунктида электр печка бўлса, исиниб олармиз, деб ичкарига кирдик. Чунки ушбу тумандагина эмас, вилоятларимизнинг бошқа туманларида ҳам бу каби муассасалар узлуксиз иссиқлик тизими йўқлиги боис кўмир ёқиладиган ёки электр печлар билан иситилишига гувоҳ бўлганмиз. Буни қарангки, бинога киришимиз билан бу ердаги мўътадил иссиқдан танамиз яйради. 

—Бу ер жуда иссиқ-ку, иситиш тизими узлуксиз ишлайдими, —деб сўрадик бизни қарши олган ҳамширалардан биридан.

Умумий амалиёт шифокори бир юмуш билан кетганлиги сабабли бизни бош ҳамшира билан таништиришди ҳамшира қизлар.

—Ҳа, қишлоқ врачлик пунктимиз 2011 йили таъмирланганда иситиш тизими ишга туширилган эди, шундан бери тизимдан узлуксиз фойдаланамиз, — деди бош ҳамшира Хуршида Зайриева. —Мавжуд 2 та қозонхона газ билан ишлайди. Тўғриси, бошқа ҚВПдагилар бизга ҳавас қилишади. Чунки уларда иситиш тизими йўқ.

—Бу борада муаммо йўқ экан, аҳолига хизмат кўрсатиш қай даражада, сизларда патронаж хизмати қандай йўлга қўйилган, ҳамширалар махсус патронаж сумкалари билан таъминлаганми, тиббий жиҳозлар етарлими, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишда қийинчиликлар йўқми? — дея яна саволга тутдик.

—Жамоамизда ўз касбини суйган, тажрибали ҳамширалар меҳнат қилишади, — деди суҳбатдошимиз. — 9 нафар патронаж ҳамшираси мунтазам равишда ўзларига бириктирилган участка — кўчаларга бориб, ҳар куни 6 тадан хонадонга кириб, оила аъзолари билан турли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи ҳақида суҳбатлар ўтказадилар. Афсуски, патронаж сумкаларимиз етарли эмас, қизларимиз имкон қадар боридан фойдаланишмоқда. Ҳудуддаги 136 нафар имконияти чегараланган киши, 43 нафар болаликдан ногирон бемор, 1480 нафардан зиёд зурриёт ёшидаги аёллар, шунингдек, ўсмир қизлар доимий назоратда. Моҳидил Саримсоқова, Дурдона Раҳматова, Маҳбуба Жўраева, Майрам Бекназарова ва бошқа патронаж ҳамширалардан аҳоли мамнун. Шунингдек, ҳудудда жойлашган 3 та умумий таълим мактаблари ўқувчиларининг саломатликлари мунтазам кузатиб турилади. “Эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари”, “Қизларни оила қуришга тайёрлаш” каби мавзуларда мулоқотлар ташкил этилади. Ўтган йилги тиббий кўриклар аҳолини тўлиқ жалб этилган ҳолда ташкил этилди. Тиббий кўрик давомида хасталиги аниқланган беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилди, шифохонага ётқизиб, даволанди. Кексаларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Ўтган йили муассасамизда ташкил этилган “Саломатлик мактаби” самарали фаолият олиб бормоқда. Мактабга тажрибали ҳамшира Маҳбуба Жўраева масъул қилиб тайинланган. Мактабда саломатлик мавзуларида машғулотлар ўтказиб турилади. Бундан ташқари, “Аёллар маслаҳатхонаси” ташкил этилган.

 Бош ҳамширанинг гапларидан кўриниб турибдики, жамоада иш яхши ташкил этилган, ҳамма қишлоқ аҳлига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу ерда сув муаммоси ҳам ижобий ҳал этилган бўлиб, 4 тонналик ҳажмдаги улкан идиш вақти-вақти билан тўлдирилиб турилар экан. ҚВП биноси ичига ўрнатилган иситгич — аристон туфайли иссиқ сув мунтазам оқиб туради. Шу ўринда Гулистон шаҳридаги баъзи тиббиёт муассасаларида (жумладан, 4-оилавий поликлиникада водопровод жўмракларидан неча йилдан бери сув оқмайди, баклашкаларга сув тўлдириб, фойдаланилади) иссиқ сув у ёқда турсин, совуқ сув ҳам йўқлигини ҳисобга олганда чекка бир тумандаги қишлоқ врачлик пунктидаги бундай қулайликка ҳатто ўзимизнинг ҳам ҳавасимиз келди. Ҳаммаси яхшию, аммо…

Гап айланиб, замонавий янги жиҳозлар масаласига келганда, бош ҳамшира бироз тўхтаб қолди. Хоналарни кўздан кечирганимизда, айрим тиббиёт жиҳозлари етишмаслигига, борлари ҳам эскирганига гувоҳ бўлдик. Жумладан, юрак уришини текширадиган электрокардиограмма аппарати ишламас, автоклав таъмирда экан. Оддийгина патронаж сумкалари ҳам етарли эмас. Ахир ҳар бир патронаж ҳамширасида алоҳида сумка бўлиши шартлиги барчага маълум. Албатта, бугунги талаблар асосида ишлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашни таъминлаш, ҳозирги замон тиббиётининг шиори бўлган, касалликни даволашдан кўра олдини олиш афзаллигига эришиш учун тиббиёт муассасаларида замонавий асбоб-ускуналар, жиҳозлар бўлиши зарур. Қишлоқ врачлик пунктининг таъмирлангани ва жиҳозланганидан бери 8 йил вақт ўтибди. Албатта, бу орада ҚВПга янги жиҳозлар келтирилмаган. Бош ҳамширанинг таъкидлашича, ҚВП биноси бу йил таъмирлаш режасига киритилган экан. Демак, таъмирлаш амалга ошса, турган гап, янги жиҳозлар, асбоб-ускуналар ҳам янгиланади. Буни албатта, келгуси гал келганимизда кўрамиз.

You may also like...

Fikr bildirish