ИШ БЕРДИНГИЗМИ, ҲАҚИНИ ТЎЛАНГ

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2019 йил 27 январдаги 1-13/4-137/8-сонли топшириқ хатига асосан, жойларда инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш, жамиятда инсон ҳуқуқларига ҳурмат руҳини қарор топтириш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари бузилишига муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида “Инсон ҳуқуқи – олий қадрият” лойиҳаси доирасида мониторинг ва ўрганиш ишлари давом этяпти.

Лойиҳа доирасида инсон ҳуқуқларининг айрим йўналишлари, хусусан, меҳнат, мулкка эгаллик, истеъмолчи ҳуқуқи, таълим, ижтимоий ҳимоя ва малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи ва бошқалар бўйича фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши юзасидан сўровнома ўтказиш, шахсий, оммавий ҳамда виртуал қабуллар ташкил қилиш, мониторинг ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиш белгиланган бўлиб, Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида вилоят адлия бошқармаси ходимлари, туман-шаҳар адлия бўлимлари раҳбарлари томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар режаси изчил амалга оширилмоқда.  Фуқароларнинг мурожаатлари жойида ўрганилиб, қаноатлантирилмоқда, тегишли идораларга тақдимномалар киритилмоқда, ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига  фуқаро А.Исоқов Сирдарё вилояти “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан иш ҳақи ўз вақтида берилмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқилди.

Шуни айтиш керакки, ўрганиш давомида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг ҳақиқатан ҳам фуқаро А.Исоқовга 3 848 936 сўм миқдорида иш ҳақидан қарздорлигини аниқланди. Корхона ишчисига бажарган вазифаси учун иш ҳақини бермасдан келган, оқибатда фуқаро вилоят Адлия бошқармасига ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлган. 

Эътибор беринг,  “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан меҳнат шартномаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил  19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 88-сонли қарори талаблари бажарилмаган, бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасига кўра иш берувчи молиявий аҳволидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги белгилаб қўйилган.

Юқоридаги қонун бузилиш ва камчиликларнинг келиб чиқишига корхона масъул ходимларининг амалдаги қонунчиликдан етарли хабардор эмаслиги, ўз ишига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлиши сабаб бўлган кўринади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармони бежиз энг долзарб норматив ҳужжат деб эътироф этилмаганлигини айтиш жоиз. Қачонки, барча, раҳбарлар ҳам, ишчи-ходимлар ҳам ўз ҳуқуқий онгини оширса, ҳуқуқий билимли бўлса, юқоридагидек аҳвол рўй бермайди.

Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими фуқаро А.Исоқовга тўланиши лозим бўлган жами 3 848 936 сўм иш ҳақини белгиланган тартибда тўлаб бериш бўйича  “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига тақдимнома киритилди ва ундириб бериш чораси кўрилмоқда.

Азиз МАВЛОНОВ,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи

You may also like...

Fikr bildirish