АЁЛЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – БУРЧИМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5325-сонли Фармонида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида вазифа белгилаб берилган.

Сирдарё вилоятида ушбу вазифалар юзасидан тизимли ижобий ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, бугун Сирдарё вилояти ҳокимлигининг катта мажлислар залида аёллар бандлигини таъминлаш масаласида ташкиллаштирилган тадбир ҳам шулар жумласига киради. Тадбирда тикувчилик билан шуғулланаётган, шуғулланиш истагида бўлган 397 нафар хотин-кизларга   “Gulshana texstil invest” масъулияти чекланган жамияти томонидан “RUYANG” ва “SANLING” компанияларининг тикув машиналари намойиш этилди.

 –  Шулардан 200 нафардан ошиқ хотин-қизлар уч турдаги тикув машинасига 3 йил муддатга 7 фоизли кредит асосида шартнома туздилар, – дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Уралова. –  Йил охирига қадар ҳар бир сирдарёлик ҳунарманд аёл хонадонида замонавий тикув машинкалари бўлишини таъминлаймиз.

– Мен жуда хурсандман, “SANLING” компанияси тикув машинкаларидан 3 дона харид қилиш учун шартнома имзоладим, тўғри чок, оверлок қиладиган бу замонавий машинкалар оилавий бизнесимни юритишда жуда қўл келади, -дейди Мирзаобод туманилик Сайёра Ҳакимова.

You may also like...

Fikr bildirish