СИРДАРЁНИ РИВОЖЛАНГАН ТУРИСТИК ҲУДУДГА АЙЛАНТИРАЙЛИК


Мамлакатимизнинг жадал тараққий этган давлатлар қаторига интилаётганлиги, саноат, қурилиш, шаҳарсозлик ва туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани кўплаб хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хоразмда барпо этилган, асрлар оша бизга етиб келган, юксак дид билан барпо этилган минора ва тарихий обидалар, санъат асарлари айниқса хорижликларни ҳайратга солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони янги меҳмонхоналар, туристик саёҳат ҳудудлари барпо этишда муҳим дасуриламал вазифасини ўтайди. Туризмнинг ривожланиши ўз навбатида мамлакатимизга катта валюта тушимини таъминлаш, замонавий савдо ва сервис хизмати кўрсатишни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

 Давлатимиз раҳбарининг Фармонида 2019-2025 йилларда туризм соҳасини тараққий эттиришнинг аниқ консепцияси белгилаб берилгани, пойтахтимиз ва туризм ривожланган шаҳарларда замонавий осмонўпар “citi”ларнинг бунёд қилинаётгани бу соҳага ҳукумат сиёсати даражасида эътибор ошганини англатади. Шу маънода логистик марказлар ташкил этиш, “уч юлдузли” ва “беш юлдузли” меҳмонхоналар қуришга жадаллик билан киришилганлиги, Ўзбекистонга келувчи 19 та давлат фуқароларига туристик саёҳат муддати-визалар 30 кунгача белгиланганлиги, 76 та давлат фуқаролари учун электрон визалар хизмати йўлга қўйилганлиги ишлар самарадорлигини янада ошириш имкониятларини кенгайтиради.

Гулистон шаҳридаги вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши мажлислар залида вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган семинарда ҳам 2019-2025 йилларда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, хизмат даражасини халқаро меъёрларга мос ҳолда йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда вилоят ички ишлар, солиқ, молия ва божхона бошқармаларининг ходимлари, меҳмонхона раҳбарлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси шўъба мудири Илҳом Маҳмудов давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611 сонли Фармони мазмун-моҳияти ва бу борада белгиланган вазифалар ҳақида маъруза қилди.

Вилоят  туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Беҳзод Тоғаев, вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Яхшибек Наврўзов, вилоят божхона  бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Анвар Карабоев, вилоят солиқ бошқармаси етакчи мутаҳассиси Камолиддин Умрзоқов, вилоят марказий банки ходими Аброр Омоновлар янги меҳмонхоналар қураётган, туристик саёҳат жойлари барпо этаётган тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, Ўзбекистонга ташриф буюраётган чет эл фуқароларига яратилаётган қулайликлар ҳақида қатнашчиларга кенг тушунча бердилар.

 Таъкидландики, вилоятда ҳозирда фаолият кўрсатаётган 370 ўринли 11 та меҳмонхона келаётган турист ва хорижлик меҳмонларни тўлиқ жойлай олмайди. Шунинг учун истиқболда меҳмонхоналар ўрнини камида 1000 тага етказиш, экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Вилоятга ўтган йилнинг ўзида 18 минг хорижликнинг келиб, шифохоналарда даволанганлиги, даволаниш учун 3 ойгача муддат берилаётгани тиббиёт туризмига ҳам кенг йўл очилаётганидан, меҳмонхоналарга эҳтиёж янада ошиб бораётганидан далолат беради. Шундай экан, вилоятда ҳам «уч юлдузли», «беш юлдузли» меҳмонхоналар қурилишини йўлга қўйиш, туристик сайёҳлик масканларини ишга тушириш, янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Сирдарё вилоятининг географик жиҳатдан қулай минтақада жойлашганлиги, дарё бўйлари, сув омборида экотуристик масканлар қуришда катта имкониятлар борлиги бу борадаги саъй-ҳаракатларни кечиктирмасликни, вилоятни юксак туристик ҳудудга айлантиришни тақозо этади.

You may also like...

Fikr bildirish