ЎСМИРЛАРИМИЗ ЎЗИШДИ

Енгил атлетика

Республика Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясининг тақвим режасига кўра шу йилнинг 31 январь 1 февраль кунлари Самарқанд ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати манежида 2006-2007 йилларда таваллуд топган ўсмирлар ва қизлар ўртасида ёпиқ иншоотларда мамлакат чемпионати бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 272 нафар ёш атлет қатнашди. Терма жамоалар 2 гуруҳга бўлиниб баҳсга киришди. Вилоятимиз терма жамоаси 2-гуруҳда иштирок этиб, 249 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни эгаллади.

Ёш атлетларимиз узунликка сакраш, ядро улоқтириш ва учкураш баҳсларида олтин медаллларга эга чиқдилар. Райҳона Ҳамроева узунликка сакраш мусобақаларида 4.92 метрлик маррани забт этиб, биринчи ўринни эгаллади. Лутфилло Асқаров  ядрони 9.02 метрга улоқтириб, чемпионлик мақомига эришди. Яна бир спортчимиз Тўлқин Ҳасанов учкураш баҳсларида 920 очко тўплаб, тенгдошлари орасида устунлигини исботлади.

 Тўрт нафар атлетимиз эса чемпионатнинг кумуш медаллари билан тақдирландилар. 60 метрга тўсиқлар оша югуришда Дурдона Зайнуллаева 10.10 сонияда марра чизиғини иккинчи бўлиб босиб ўтди. Пўлат Маматов узунликка сакраш мусобақаларида 4.33 метр натижа билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди. Маҳлиё Маҳмудова ядрони 6.97 метрга улоқтириб, тенгдошлари орасида иккинчи ўринни эгаллади. Учкураш баҳсларида Дурдона Зайнуллаева 1391 очко жамғариб, терма жамоамиз жамғармасига тўртинчи кумуш медални қўшиб қўйди.

Яна бир спортчимиз чемпионатнинг бронза медали билан кифояланди. Баландликка сакраш баҳсларида Райҳона Ҳамроева 1.40 метрлик тўсиқдан ошиб ўтиб, совринли 3-ўринни эгаллади.

You may also like...

Fikr bildirish