ҲАР БОЛАГА ЯРИМТА КИТОБ

ёхуд бирорта нашрга обуна бўлмаган кутубхона ҳақида ҳангома

Китобсиз, газета-журналсиз кутубхонанинг тўрт томонидан ел гувиллаб ўтиб ётган чордевордан нима фарқи бор? Сирдарё туманидаги 41-умумий ўрта таълим мактабининг кутубхонасини кўздан кечириб, хаёлимиздан шундай фикр ўтди. Мактабда 40 нафар педагог ходим ишлайди, 629 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб кутубхоначиси Соҳиба Ибрагимованинг шаҳодат беришича, нурхонадаги бадиий китоблар сони 350 нусхани ташкил этаркан.

—Кутубхонадаги бадиий китоблар ўқитувчи ва ўқувчиларга тақсимланганда яримтадан тўғри келаркан-да! — деган писандамизга мусоҳибимиз (суҳбатдошимиз) — мактабимизда туман Ахборот-ресурс маркази ҳам фаолият олиб боради. Ўзимизда йўқ китобларни ўқувчилар АРМдан олиб, ўқишади, — деган гапни қилди.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: АРМ жойлашган мактабда кутубхона фаолият олиб бориши шартмикин? Ваҳоланки, у бугунги кун талабига жавоб бермаса.

Кутубхонани кўздан кечирар эканмиз, бирорта вақтли нашрларнинг тахламларига кўзимиз тушмади. Умрини ўтаб бўлган ўтган йилги газеталар бир чеккада мунғайиб ётибди. Ўқувчию ўқитувчилар газета-журнал, китоб ўқимаса, интеллектуал салоҳиятлари қандай ўсади?! Халқ таълими вазирлиги бу йил тизимда мажбурий обунага қарши жиддий кураш олиб борди ва тўғри қилди. Бу сиёсатни кўпгина мактаб раҳбарлари юзаки тушундилар. Халқ ибораси билан айтганда, “салласини ол” десалар, калласини олдилар.

—Кутубхонангизда бирорта газетанинг тахламини учратмадик. Жилла қурса, ўзларингизнинг нашрларингиз “Маърифат” ҳамда мактаб ўқувчиларига мўлжалланган газета-журналларга обуна бўлсаларингиз, асакаларингиз кетармиди? Ахир, ўқитувчи ва ўқувчилар мутолаа асно мамлакатимиз ва вилоятимиз янгиликлари, таълимдаги ислоҳотлардан бохабар бўлармиди? – деган саволимизга мактаб директори, халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати Мавлуда Бурҳонова:

—Бюджетдан ташқари ишлаб топган 385 минг сўм маблағимиз бор эди. Шу пулга “Маърифат”, “Учитель Узбекистана”, “Сирдарё ҳақиқати”, “Сирдарё” газеталарига обуна бўлганмиз. Вақтли нашрларга пул ўтказиш йўли билан обуна бўлганимиз учун ҳозир ҳужжатини кўрсатолмайман. Боз устига, айни дамда меҳнат таътилидаман, — дея жавоб берди.

Директорнинг ёлғонлаганини гапида келтирган биргина факт ҳам исботлаб турибди. Обунаси фалон пул турадиган мазкур нашрларга обуна бўлиш учун 385 минг сўм пул урвоқ ҳам бўлмайди. Ёки мактаб бу нашрларга бир ойга обуна бўлдимикин? Халқимиз оғзига келганини қўйиб юборадиган бундай одамларга нисбатан: “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, “Ўйламай гапирган оғримай ўлар” қабилидаги нақлларни тўқиган.

 Таълим муассасасида 2019 йилги газета-журналлар обунаси билан Соҳиба Ибрагимова шуғулланган экан. Биз у кишидан мактаб кутубхонаси учун қайси нашрларга обуна бўлингани ҳақида ёзма маълумотнома сўрадик. Орадан ярим соатча вақт ўтгач, кутубхоначи тўрт энлик рўйхатни олиб кирди. Унда 5 та нашрнинг номи, “Болалар адабиёти” журналига бир йилга 4 дона, “Мактаб ва ҳаёт” журналига эса ярим йилга 4 дона обуна бўлингани қайд этилганди. Яна 3 та журнал “Доно word”, “Билимдон” ва “Exelent” журналларининг номи тўғрисига чизиқча, яъни “йўқ” белгиси қўйилганди. (Биз интернетдан “Exelent” журнали ҳақида маълумот қидирдик. Афтидан, кутубхоначи журнал номини нотўғри ёзган кўринади. Болалар журналлари орасида “Excellent” номли журнал борлиги ойдинлашди).

2019 йил мобайнида ўқувчи ва ўқитувчилар мана шу икки нашрни мутолаа қилишдан баҳраманд бўладилар.

Президентимиз ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, салоҳиятли бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратаётган, кўп китоб ўқиган ўқил-қизларга енгил автомашина совға қилаётган бир пайтда 41-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчилари учун маънавий озуқа манбаи бўлган кутубхонанинг ғариб ҳолга тушиб қолганлиги кишини ачинтиради. Қолаверса, мактаб кутубхоначиси кўп китоб ўқиш бўйича болаларга ўрнак бўлиши керак. Биз у кишидан сўнгги пайтда қандай китоб мутолаа қилганини сўраганимизда, яқинда Шароф Рашидов ҳақидаги бир китобни ўқиб тугатдим, дея жавоб берди. Бироқ бу китобнинг номи, муаллифи кимлигини эслолмади. Сўнгра “Шайтанат”ни ҳам ўқиганман, деб қўшиб қўйди.

Албатта, китоб ўқиш ҳамманинг кўнгил иши. Бирор совға-салом тамасида китоб мутолаа қилган билан одам китобхон бўлиб қолмайди. Бунинг учун оилада беш-ўнта китоб териб қўйилган жавон бўлиши, ота-онанинг ўзи фарзандлари кўз олдида тез-тез китоб варақлаб туриши керак бўлади. Мактабга қатнайдиган ўқувчи учун устозлари, кутубхоначи опаси, қолаверса, китоб тўла жавонлари бўлган кутубхона мутолаага рағбат уйғотади. Акс ҳолда барча хатти-ҳаракатларимиз елга соврилади. Биз англаб етган оддий ҳақиқат шулдир.

You may also like...

Fikr bildirish