“БАҲОР” МАҲАЛЛАСИНИНГ ЕЧИМИНИ ТОПА ОЛМАЁТГАН МУАММОСИ

Аччиқ, аммо очиқ гаплар

“Баҳор” маҳалласи Гулистон шаҳридаги энг йирик фуқаролар йиғинларидан саналади. Бу маҳаллага ўтган асрнинг 80-йилларида асос солинган эди. Ўша пайтларда 550-600 та хонадонда нари-бериси билан 2000-2500 нафар аҳоли яшарди. Таркибида атиги 2 тагина қишлоқ бўлган эди.

Бугунги кунда маҳалла ҳудуди жудаям кенгайиб, у боши билан бу боши орасидаги масофа 8-10 чақиримни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 9 мартдаги “2015-2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармойиши ва ҳукуматимизнинг шунга оид бошқа қарорлари ижроси доирасида маҳалла ҳудуди кенгайиб кетди. Бугунги кунда маҳалла аҳолиси 11 500 нафардан ошиб кетган. Хонадонлар сони эса 2500 тадан зиёд. Таркибидаги қишлоқлар сони эса 5 тага яқинлашиб қолган.

-Маҳалламизга чегарадош бўлган Мирзаобод туманига қарашли ер майдонларининг шаҳримиз аҳолисига якка тартибдаги уйлар қурилиши учун ажратилиши оқибатида оила ва хонадонлар сони кескин ошиб кетди, – дейди “Баҳор” МФЙ раиси Маъруф Исматов. – Шу туфайли ҳудудимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини назорат қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда кўплаб қийинчиликларга учраяпмиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини вакиллар кенгаши аъзолари Абдумўмин Пардаев, Тоштемир Ёқубов, Валижон Шералиев, Аҳат Қодиров, Худойберди Эшматов, Зулфия Абдуназарова, Холиқ Одилов, Марзия Дарбешова, Марина Ефтимияди каби 10-12 нафар кексалар ўз тенгқурларининг, ногирон ҳамда ёш болали оилаларнинг манфаатларини ўйлаб маҳаллани бўлиш ташабусини бошлашди. Чунки, аҳолининг айнан шу тоифаси йиғин идорасига келиб кетиши учун узоқ йўл босишларига тўғри келарди. Уларнинг бу ташаббусига Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48-сонли қарори билан тасдиқланган “Шаҳарлар, посёлкалар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида”ги Низом қанот бўлди.

Ҳақиқатдан ҳам фуқаролар йиғинининг вакиллар кенгаши аъзолари “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга таянишган ҳолда бу ташаббусни 2017 йилда бошлашган эди. Ана шу ҳужжатларга таянган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари 2017 йил 16 май куни ўзларининг илк бор йиғилишини ўтказишди. Вакиллар йиғилиши маҳаллани учга бўлиш таклифини маъқуллаш ва унинг бир нусхасини Гулистон шаҳар ҳокимлигига тақдим этиш бўйича қарор қабул қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 5-бандида маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича таклифлар посёлка, қишлоқ ва шаҳар маҳалласининг фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тайёрланиши белгиланган.
Бу борада Қонун ва Низом талабларига риоя қилинмаганлиги ойнадек равшан.

Фаоллар йиғилишининг ушбу қарори “Бўлинадиган маҳаллаларга ном бермабсизлар” деган баҳонада ортга қайтарилди. Кенгаш йиғилиши бўлинадиган маҳаллаларга “Обод”, “Ибрат” ва “Баҳор” номларини қўйишиб, ўз қарорининг бир нусхасини қайтадан Гулистон шаҳар ҳокимлигига тақдим этишди. Афсуски, бу сафар ҳам кенгаш йиғилишиниинг қарорига шаҳар ҳокимлиги панжа орасидан қараб, турли баҳоналарни, айниқса, “Маҳаллаларнинг чегарасини аниқламабсизлар” деган баҳона билан рад этди. Аслида вакиллар йиғилишининг қарори ижросини таъминлашга ҳокимлик шаҳар бош меъмори, ер тузиш ва кўчмас мулк давлат унитар корхонасининг иштирокини таъминлаши керак эди.

Шундай бўлса-да, “Баҳор” МФЙ вакиллари орқага чекинишмади. Ҳокимлик талаб қилган тарзда маҳалланинг ҳозирги кундаги чегара ва ҳудудларини киритиб, тархи (чизмаси)ни тайёрлатган ҳолда 2017 йилнинг 3 июл куни “Баҳор” МФЙ ҳудудини бўлиш тўғрисида”ги масалага қайтди. Асослантирилган далиллар, фуқароларнинг талаб истаклари баён этилган, бўлинадиган маҳаллаларнинг номлари қайд этилган, умумий харита илова қилинган ҳолда вакиллар йиғилиши қарори ушбу масалани ҳал қилишни сўраб халқ депутатлари Гулистон шаҳар кенгашига тақдим этилди.

Фуқаролар йиғини вакиллар йиғилишининг ана шу учта қарори қумга тушган игнадек йўқолиб кетди. Вакиллар йиғилишига ҳокимликнинг на бирор жавоби, на бир таклифи билдирилди. Вакиллар эса безовта бўла бошлашди. Шундан сўнг йиғини вакиллари турли идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлишди.

Дастлабки мурожаат 2018 йил 6 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига бўлди. Бу мурожаатга шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Дадабоевнинг имзоси билан 2018 йил 29 июндаги жўнатилган жавоб хатида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилиб, ечимини ижобий ҳал қилишга эътибор берилишини, ҳозирги кунда ушбу масала бўйича ҳужжатлар лойиҳаси кўриб чиқилаётгани маълум қилинган бўлса, вакилларнинг 2018 йил 20 декабридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига такрорий мурожаатига эса тамомила бошқача жавоб, яъни барча зарурий ҳужжатлар тақдимномаси топширилгандан кейин Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқилиши белгиланиб, амалга оширилиши маълум қилинган.

Вакиллар йиғилишининг қарори ижросини сўраб қилинган мурожаатларга шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонасига “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати тўғрисида”ги қонун доирасида ўрганиб чиқилганлигини маълум қилган. Мурожаат атрофлича ўрганилмасдан, номигагина, мендан кетгунча қабилида тарзида жавоб қайтарилган.  Бу ўз-ўзидан аёнки, масала ечимига жиддий ёндошилмаган, мурожаатга беписандлик билан муносабатда бўлинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонаси ҳам ўз навбатида олинган жавобни тўғри деб қабул қилган.

Яна бир ажабланарли томони шундаки, шаҳар ҳокими ўринбосари Ж.Яриев имзоси билан 2018 йил 6 сентябрда берилган жавоб хатида “Баҳор” маҳалласини бўлиш масаласи билан “Маҳалла” жамғармаси вилоят бўлими шуғулланиши маълум қилинганининг ўзиёқ ҳокимликнинг масалага қай даражадаги муносабатини белгилайди. Ана сизга ҳоким ўринбосарининг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлик савияси! Бунга кулишингни ҳам, куйишингни ҳам билмайсан.

-Ушбу масалада яқинда шаҳар ҳокимининг қабулида бўлдим. Унга маҳаллани бўлиш вазият тақозоси, бу иш амалга ошса, одамларнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлишини обдон тушунтирдим. Суҳбатимиз якунида у мендан, маҳалла бўлинишдан сиз қандай манфаат кўрасиз, дея сўради. Етмиш ёшни қоралаётган мендай мўйсафид одам учун қандай манфаат бўлиши мумкин, – дейди куюнчаклик билан вакиллар кенгаши раиси Абдумўмин Пардаев.

Хуллас, маҳаллани бўлиш, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48-сонли қарори билан тасдиқланган Низоми талаблари салкам уч йилдирки, Гулистон шаҳар ҳокимлиги даражасида ҳал бўлмаяпти. Хўш, бунинг сабаби нимада? Маҳаллани бўлмасликдан муддао нима? Шу каби саволларга жавоб кутишга ҳақлимиз.

Тошпўлат ҲАЙИТБОЕВ.

You may also like...

Fikr bildirish