ЛОҚАЙДЛИКМИ, НОПИСАНДЛИК?!


Нега маҳаллий ҳокимликлар, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари газета танқидий чиқишларига муносабат билдиришмаяпти?

“Журналистикани “тўртинчи ҳокимият” деймиз. Бу дегани у ҳокимият даражасидаги соҳадир. Журналистикасиз ҳеч қайси давлат ривожланмаган. Ҳар бир мамлакатнинг давлатчилик тарихини кенг тарғиб қилиши ва уни жаҳонга бўй кўрсатишида журналист жонбозлик қилади. Бошқа ҳамма касб эгаларини четдан олиб келиб, халқ манфаати учун ишлатиш мумкин. Аммо журналистни олиб келиб, ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам биз доно, саводли, миллатни, халқни севадиган журналистларимизни қадрлашимиз керак”.

Бу таниқли ёзувчи ва публицист Эркин Маликнинг гаплари.

Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаси халқнинг қалбига қулоқ солароқ уларни ўйлантираётган, ташвишлантираётган муаммоларни қаламга (тасвирга ва ҳоказо) олиб, кенг  халқ оммаси эътиборига тақдим қилишдан иборатдир. Кейинги пайтларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятимизнинг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар содир бўлмоқда. Оммавий ахборот воситалари эса жамиятнинг кўзгуси ҳисобланади. Демак, “тўртинчи ҳокимият” ҳам жамият билан бирга қадам ташламоқда, жамиятнинг юрак уришига мос материаллар тайёрлашга ҳаракат қилмоқда.

Президентимиз тўғри таъкидлаганларидек: “Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур”. Айни чоқда заҳматкаш журналистларимиз давлатимиз раҳбарининг бу кўрсатмаларини амалга ошириш йўлида тинмай изланишмоқда. Вилоят ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган “Сирдарё ҳақиқати”-“Сырдарьинская правда” нашрлари саҳифаларида ҳам ойдан-ойга танқидий-таҳлилий мақолалар сони кўпайиб бораётир. Бу, албатта, вақтли нашрнинг халққа тобора яқинлашаётганидан далолатдир.

Лекин журналистларимизни бир муаммо ташвишга солмоқда. Газеталаримизда чоп этилган танқидий мақолаларга шаҳар-туман ҳокимлари, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари ҳеч қандай муносабат билдиришмаяпти. Образли қилиб айтганда, қулоқларининг тагидан ўтказиб юборишаяпти. Бу тенденциянинг хатарли томонлари кўп. Аввало, халқнинг оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончи пасайиб кетади. Чунки танқидий мақолаларнинг аксарияти фуқаролардан тушган шикоят ва аризалар асосида ёзилади.

Нега шундай вазият вужудга келди? Фикри ожизимизча, кўпгина ҳокимлар, ташкилот ва корхоналарнинг раҳбарлари газета ўқишни бутунлай урфдан чиқаришди. Ҳатто ўз тумани, шаҳри, ташкилоти ҳақида вақтли нашрларда қандай мақолалар босилаётганидан ҳам бехабар. Улар фақат интернет сайтларини бир қур кўздан кечиришни одатга айлантиришди. Бу раҳбарлар “XXI аср” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррирри Норқобил Жалилов ёзғириб ёзганидек: “Танқид газетада чиқса, чиқаверсин, интернетга чиқмаса бўлди” қабилида иш тутишмоқда. Таҳририят танқидий чиқишга жавоб келавермагач, маҳаллий раҳбарларга ялинганнамо: “Газетамизнинг фалон сонида писмадон сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда, жумладан, фалон муаммолар кўтарилган. Шунга муносабат билдирсангиз…” деган мазмундаги эслатма хатни йўллайди. Аслида фаросатли раҳбар газетада ўз ташкилоти ҳақида тан-қидий мақола эълон қилинган бўлса, бирор бир эслатмасиз муносабат билдириши ҳам фарз, ҳам қарздир. Шу ўринда бир мисол. Сирдарё туманидан меҳнаткашлар мурожаатлари асосида иккита фельетон ёзилиб, газетамиз саҳифаларида эълон қилинди. Бироқ орадан икки-уч ойлаб вақт ўтса-да, ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Туман раҳбарлари ҳатто таҳририят йўллаган эслатмаларни ҳам назар-писанд қилишмади. Мухбир туманга атайлаб бориб, танқидий чиқишларнинг кетини суриштирганига қарамай шу кунга қадар акс-садо бўлмади. “Тўртинчи ҳокимият”ни назар-писанд қилмайдиган бундай бепарво раҳбарларни тартибга чақирадиган қандайдир тизим бўлиши керак, албатта. Бу муаммо янги йил арафасида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг вилоят аҳли вакиллари билан учрашуви чоғида ҳам ўртага ташланди. Ул киши оммавий ахборот воситаларининг танқидий чиқишларига нописанд қараётган раҳбарларни ўзлари назорат қилишини айтиб, журналистларнинг кўнглини кўтардилар. 2019 йилда мазкур йўналишда сезиларли ўзгаришлар бўлишига ишонч боғлаяпмиз.

Яна бир муаммо. Газетамизда чоп этилаётган “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг бузилишлари тўғрисидаги танқидий чиқишларни назорат қиладиган ташкилотнинг ўзи топилмаяпти. Ваҳоланки, 2018 йил 13-14 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев нутқ ирод этиб, турли соҳалардаги ўз ечимини кутаётган масалаларга тўхталаркан, ўзбек тилининг қадрсизланиб қолаётгани ҳақида куйиниб гапирди. Сенат Кенгаши Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа масъул тузилмаларга давлат тили ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни берди. Мазкур қонун ижросини тўлиқ таъминлашга оид комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш вазифасини топширди.

Гапнинг индаллоси шуки, оммавий ахборт воситалари Президентимиз айтганларидек: “амалда тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилса”, бундан бутун жамият фойда кўради. Чунки ошкоралик, сўз эркинлиги бўлган жамиятда ривожланиш бўлади. Бу оддий ҳақиқатни барча раҳбарлар чуқур англаб етсалар, тараққиётимиз шунча тезлашади.

         Муҳаммадали АҲМАД,

“Сирдарё ҳақиқати” газетаси

Ижтимоий-сиёсий, фан, таълим ва

спорт бўлими мудири.

You may also like...

Fikr bildirish