ЯНА ЯНГИ ЭРМИ?


Бу савол турмуши бузилиб қайта-қайта эрга тегишни одат қилган жувонга берилаётгани йўқ. Гулистон шаҳрининг қоқ ўртасидан кесиб ўтган М-34 “Тошкент-Душанбе” магистрал йўлининг осма кўприк ёнида ўрнатилган (бугунги кунда таъмирланаётган) йўл кўрсаткичидаги хато ёзувга нисбатан берилмоқда.

Бу ердан ҳар куни мамлакатимизнинг жанубий вилоятларига минг-минглаб машиналар ўтади. Улар йўл кўрсаткичидаги хато ёзувга кўзлари тушиб, сирдарёликлар роса ҳазилкаш экан, дея мийиқларида кулиб ўтсалар ажаб эмас. Чунки йўл кўрсаткичида Янгиер сўзи янги ўзбек ёзувида “Янгиэр” тарзда (“Yangier”) қўпол хато билан ёзилган.

Луқмамизга кинояли сарлавҳа қўйишимизнинг сабаби бор. Газетамизнинг 2016 йил 8 апрелдаги (№ 27) сонида “Йўл бўйидаги саводсизлик” сарлавҳали луқмамиз босилган эди. Ўшанда мақоламизда қаламга олган М-34 “Тошкент-Душанбе” магистрал йўлининг вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқамаси рўбарўсидаги йўл кўрсаткичида “Янгиер” “Янгиэр” тарзда қўпол хато билан ёзилганлиги танқид тиғи остига олинган эди. Танқидий мақола юзасидан вилоят автомобил йўллари ҳудудий Бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи З. СУВОНОВ (ўша пайтдаги раҳбар) имзоси билан расмий жавоб хати олгандик. Унда қуйидаги сўзлар битилганди:

“Ушбу ҳолат Бош бошқарма масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, мазкур автомобил йўлига хизмат кўрсатувчи Мирзаобод ТЙХПТФК раҳбарияти ва масъул ходимлари қаттиқ огоҳлантирилди. Имло хатоси билан ёзилган йўл белгиси жойидан олиб ташланиб, янги йўл белгисига буюртма берилди”.

Хато ёзилган йўл белгиси олиб ташландию, лекин янгиси ўрнатилмади. Албатта, газетада босилган танқидий чиқиш йўлсозларга огоҳ қўнғироғи бўлиши керак эди. Улар мақоладан тўғри хулоса чиқариб, барча йўл кўрсаткичларини назардан ўтказишлари, хатоларини олиб ташлаб, тўғриланган янгиларини қўйишлари лозим эди. Бу борада уларнинг кўр-кўрона иш юритгани шундоқ кўзга ташланиб турибди. Наҳотки, йўлсозлар ҳар доим оммавий ахборот воситаларининг турткисини кутиб ўтиришса?! Ахир, она тилимиз барчамизнинг борлиғимиз, миллатимизнинг руҳи ва ғурури эканлигини бу биродарларимиз ҳам чуқур англаб етишлари керак. Ўз она тилига нописанд муносабатда бўлган кишининг манқуртдан фарқи қолмайди. Келинглар, азизлар, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганлигига 30 йил тўлаётган бир пайтда она тилимизга эътиборни кучайтирайлик. Ҳазрат Мир Алишер Навоий уқтирганларидек: “Тилга эътибор-элга эътибор”.

  Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish