БИР СМЕНАЛИ МАКТАБНИНГ ИККИНЧИ СМЕНАСИ

Сарлавҳани ўқиб, ажабланаётганингизни сезиб турибман. Менинг гапим беш қаватли уйнинг олтинчи қавати ҳақидаги ёлғон сафсатага менгзаб кетаяпти. Лекин бу сарлавҳанинг тагида маъно борлигига сизни ишонтиришга ҳаракат қиламан.

Сирдарё туманидаги 41-умумий ўрта таълим мактабининг қуввати 1200 ўқувчига мўлжалланган. Айни чоқда мактабда 629 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Улар бир сменада машғулотларда қатнашардилар. Жорий йилнинг 15 январидан мактаб икки сменада ўқишга ўтди. Нега дейсизми? Эшитинг бўлмаса!

Мактаб директори Мавлуда Бурхонованинг шаҳодатлик беришича, таълим муассасасида 32 та синф хонаси мавжуд. Куз-қиш мавсумини рисоладагидек ўтказиш учун ота-оналар ёрдамида барча синф хоналарига буржуйка печкалар ўрнатилган. Газ босими пастлиги боис печкалар синф хоналарини тузук-қуруқ исита олмаяпти. Мактаб маъмурияти вазиятдан чиқиш учун 16 та синфнинг печкаларини табиий газ оқимидан узиб қўйишга мажбур бўлди. Энди ўқувчилар фан кабинетларида таҳсил олишмайди. Болалар иситилаётган 16 та синф хонасида икки сменада ўқишни давом эттиришади. Албатта, бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Бошланғич ва юқори синфларда ўқийдиган ўқувчиларнинг парталарида анчагина фарқ бор.

15 январь куни мактабни туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари босиб, иситиш тизимини табиий газдан узиб қўйишибди. Бунга таълим муассасасига газ ўлчагич асбобнинг ўрнатилмаганлигини сабаб қилиб кўрсатишибди.

— Куни кеча мактабимизга газ ўлчагич асбобни ўрнатдик, — дейди Мавлуда Бурхонова. — Усталарга ўз ёнимдан 300 минг сўм харажат қилдим. (Валламатликка офарин, ўртоқ директор. Газ ўлчагич асбобни усталар текин ўрнатиб беришлари керак, шекилли).

Нега мактаб маъмурияти бундай бепарволикка йўл қўйди? Ахир, мамлакатимизда газ ва электр энергиясидан бебилиска фойдаланганларга қаттиқ чоралар кўрилаётганлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида пайдар-пай шов-шувли хабарлар берилиб турибди-ку! (Шу ўринда Мавлуда Бурхонова иши туман прокуратурасига оширилганини ҳам яшириб ўтирмади). Барча кўргиликларнинг бош сабаби — мактаб таъмирига бориб тақалади. Директорнинг айтишича, мактаб қурилганига 42 йил тўлганига қарамай кейинги йилларда бирор марта таъмирдан чиқарилмаган. Жорий йилнинг февраль ойидан мактабнинг 5 та блогидан 2 таси давлат дастури доирасида капитал таъмирга қўйилмоқда. Қолган блоклар мавриди билан (балки 2020 йилда) босқичма-босқич таъмирдан чиқарилади. Ўқувчилар февраль ойидан бошлаб таъмирга қўйилмаган корпусларда машғулотларни давом эттирадилар. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, таъмирни баҳона қилиб, газ ўлчагич асбобнинг ўрнатилмаганлиги маъмуриятнинг катта хатосидир. Бунинг учун улар еган сомсаларига пул тўлашга мажбурдирлар.

Мактабни электр энергияси билан таъминлашда ҳам узилишлар кўп бўлмоқда. Таълим муассасасида бўлган кунимиз ҳам ток йўқ экан. Деразаларига плёнка қоқилган синф хоналари ҳамда мактаб коридорлари ним қоронғу. Бундай шароитда машғулотлар олиб бориш болаларнинг кўриш аъзоларига салбий таъсир кўрсатиши турган гап. Айниқса, булутли қиш кунлари ёруғликнинг қадри қаттиқ билинади.

— Ҳар куни 2-3 соат электр токи бўлмайди, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Тошпўлат Каримов. — Бу таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатади.

— Куни кеча уч соатдан ортиқ токсиз қолдик, — дейди директорнинг бошланғич синфлар бўйича ўринбосари Нодира Саъдуллаева. — Ҳозир барча ишлар компьютер ёрдамида бажарилади. Режалаштирган бирорта ишимизни охирига етказа олмадик. Ўша куни мактабимизга тендерда ғолиб чиққан ташкилот вакиллари келишди. Ток йўқлиги боис хоналарни қоронғиталаш кўздан кечириб кетишди.

Узоқ йиллар таъмирсиз фойдаланилган мактаб биносининг электр тармоқлари бутунлай ишдан чиққан. Туман халқ таълими бўлимининг эксплуатация хизмати ота-оналар олиб берган қопламали симларни синфларга девор сиртидан тортиб, лампочкаларга улаб бераяпти. Зотан, бундай электр тармоқларининг бехавфлигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Гапнинг индаллосини айтганда, 41-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчи ва ўқитувчилари қиш мавсумини қийинчилик билан ўтказишмоқда. Ваҳоланки, ҳали қаҳратон қишнинг тенг ярми эшик ортида қиличини қайраб кутиб турибди. Доно халқимиз, қишнинг бир куни қолса ҳам қўрқ, деган нақлни бежиз тўқимаган. Эл боласини эмин-эркин, қувнаб-яйраб таълим-тарбия олишлари учун қулай шароит яратиш биринчи галда маҳаллий ҳокимлик, қолаверса, бутун жамоатчиликка боғлиқ. Мамлакатимиз келажагини совуқ қоттириб қўйишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Бу оддий ҳақиқатни сирдарёликлар ҳам яхши англашлари керак.

 Муҳаммадали АҲМАД.

 

You may also like...

Fikr bildirish