МИЛЛИЙ АРМИЯ – ҒУРУРУ ВА ФАХРИМИЗ

Қуролли Кучларимизнинг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири дастлаб “Хотира майдони”даги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошланди. Сўнгра тантана иштирокчилари муҳташам «Ёшлар маркази»га келдилар.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари  куни  муносабати билан маъруза қилди.

Халқимизнинг тинч, осуда яшаши, меҳнат қилиши учун кечаю кундуз сергак бўлган Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган  аскар  ва офицерлар, ўрни келганда юрт учун жонини ҳам фидо этаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари меҳнатини барчамиз юракдан ҳис қиламиз ва эъзозлаймиз, – деди нотиқ.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги Фармонига асосан барча вилоятларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди ва вилоятлар ҳокимлари уларнинг раҳбарлари этиб белгиланди.

Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши айни муддао бўлиб, асосий мақсад – мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, жамиятдаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, миллий армиянинг жанговар қобилияти ва шайлигини ошириш, армия ва халқнинг якдиллигига эришиш, “Миллий армия – ғурур ва фахримиз!” тамойили асосида давлат ҳокимияти органлари ва ҳарбий округлар қўмондонликларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини самарали ташкил этишдан иборат.

Ўтган 2018 йилда ҳарбий-маъмурий сектор томонидан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Қуролли Кучларнинг вилоятдаги ҳарбий қисмлари фаолиятини самарали ташкиллаштиришда кўмаклашиш, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек ҳарбий қисмлар ва ҳарбий шаҳарчаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасида ибратли ишлар  амалга оширилди.

Ёшларни ахлоқий-руҳий, маънавий-маърифий тайёрлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида турли тадбирлар, спорт мусобақалари, ҳарбий фестиваллар, кўрик-танловлар ўтказилди.

10-11-синфларда ўқувчиларга таълим бериладиган 293 та умумтаълим мактабларида “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фани хоналари ташкил этилиб, зарур инвентарлар, дарсликлар ва ўқув қуроллари билан таъминланди.

4 та умумтаълим мактабида “Ҳарбий ватанпарварлик” синфлари ташкил этилди. 5 та касб-ҳунар таълими муассасасида Мудофаа вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига тайёрловчи гуруҳлари ташкил қилинди.

2017 йилда Гулистон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун 2 та 3 қаватли уй-жойлар қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. 2018 йилда ҳам 3 та 5 қаватли уй-жойларни қуриш ишлари олиб борилмоқда.

2 та ҳарбий қисмнинг аскарлар ва зобитлар ётоқхоналари, 1 та ҳарбий қисмнинг маъмурий биноси, 1 та ҳарбий қисмнинг блокпости, 2 та ҳарбий қисмнинг ошхонаси, 2 та ҳарбий қисмнинг ахборот-ресурс маркази ва кутубхонаси, 1 та ҳарбий қисмнинг омборхоналари таъмирланиб, тўлиқ қайта жиҳозланди.

Ҳарбий-маъмурий сектор томонидан юқоридаги тадбирларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 6 миллиард  сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Бу 2017 йилга нисбатан 10 баробарга кўп.

2019 йилда олдимизда ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва таълим, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси, ҳарбий инфратузилмани ривожлантириш борасида қатор тадбирларни бажаришни мақсад қилиб қўйдик. Бу борада алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқиб, тасдиқладик, – деди вилоят ҳокими ўз сўзида.

Жорий йилда Ширин шаҳри, Мирзаобод туманидаги ҳарбий қисмлари учун маданият марказлари қуриб берилади. Мирзаобод туманида замонавий “Ўқ отиш машғулотлари ўтказиш жойи” барпо этилади. Ҳарбий қисмлар, мудофаа ишлари бошқармаси ва унинг бўлимлари инфратузилмаси ривожлантирилади, моддий-техника базаси мустаҳкамланади.

Тадбир “Бир пиёла чой устида” давом этди.

О. СУЛТОНОВ.

You may also like...

Fikr bildirish