ЮРТГА САДОҚАТЛИЛАРНИ ТАРАННУМ ЭТИБ…

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни арафасида вилоят Маънавият ва маърифат марказида “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир” деб номланган кўргазма очилди.

Кўргазманинг очилишига бағишланган маросимга вилоятимиздаги ҳарбий қисмларнинг вакиллари, собиқ байналмилалчи жангчилар (афғон уруши қатнашчилари), ёш рассомлар, рангтасвир мухлислари ташриф буюришди.

Тадбир бошланишидан аввал байрам иштирокчилари кўргазмага қўйилган ижодий ишлар билан танишдилар. Кўргазмадан Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Анорқул Бойбеков томонидан чизилган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, байналмилалчи жангчиларнинг портретлари ҳамда Мирзаобод туманидаги 6-Болалар мусиқа ва санъат мактаби тасвирий ва амалий санъат бўлими ўқувчиларининг ижодий ишлари ўрин олган эди.

Маросимни Гулистон шаҳар мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Сардорбек Юсупов кириш сўзи билан очди.

Гулистон шаҳар байналмилалчи жангчилар ташкилоти раҳбари Фахриддин Юсупов, Гулистон гарнизонига қарашли ҳарбий қисм масъул ходими, майор Фарҳод Икромов, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зебо Ҳайдарова, Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Алижон Бойматов ва бошқалар тадбир қатнашчиларини Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, дил сўзларини баён этдилар.

Мирзаобод туманидаги 6-Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Асила Турсунбоева устозларига ўзининг амалий санъат йўналиши бўйича яратган ижод намуналарини совға қилди ҳамда байрамга бағишлаб ёзган шеърини  ўқиб берди.

Шундан сўнг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, байналмилалчи жангчилар ҳамда ижодкорларга байрам муносабати билан махсус медаллар, Фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Анорқул Бойбеков юқорида қайд этганимиз — кўргазмадаги портретларни ўз эгалари, яъни байналмилалчи жангчиларга инъом этди. Шунингдек, ушбу кўргазмада ўз ижодий ишлари билан фаол иштирок этган бир гуруҳ ёш ҳаваскор рассомлар ва амалий санъат йўналиши ижодкорлари Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Холида ПАРДАБОЕВА.

You may also like...

Fikr bildirish