СОЛИҚ ТУРЛАРИ 2019 ЙИЛДАН 19 ТАДАН 15 ТАГАЧА ҚИСҚАРАДИ

Гулистон шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда уларнинг ҳисобчилари иштирокида солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг мазмун-моҳияти ва солиқ сиёсатидаги туб ислоҳотлар мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муродилла Эшматов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ғойибов ҳамда иқтисодий комплекс вакиллари иштирок этди.

Дастлаб сўзга чиққан М.Эшматов солиқ ислоҳотлари концепциясида солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, қулай рақобат муҳитини яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш асосий мақсад эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг сўз олган вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ж.Ғойибов солиқ концепциясида бизнес учун жуда катта имкониятлар, халқаро даражадаги қулай шароитлар назарда тутилганлигини таъкидлаб, жумладан қуйидагиларни айтиб ўтди: – Солиқ турлари 2019 йилдан 19 тадан 15 тагача қисқармоқда. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.

Қайд этилганидек, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлган корхоналар қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда соддалаштирилган тартибда, яъни корхоналар сотиб олинган товарлар бўйича алоҳида ҳисоб-фактура юритмайди ва солиқни товар айланмасидан келиб чиқиб, соҳалар кесимида табақалашган ҳолда тўлайди.

Шунингдек, тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи кичик бизнесга ҳам жорий этилиши натижасида нарх-наво ошиб кетишининг олди олиниши, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда нархни тўғри шакллантириш лозимлиги эслатиб ўтилди.

Тадбир давомида давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази бўлим бошлиғи Ғиёс Қаршиев хўжалик юритувчи субъектлар томонидан юритиладиган ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштиришнинг қонунчиликдаги асослари ҳамда амалга ошириш механизми ҳақида кўргазмали воситалар ёрдамида тушунтиш берди.

– Қоғоз шаклда ишончномаларни тўлдириш, етказиш ҳамда тасдиқлаш кўп вақтни шу билан бир маблағни йўқотишимизга сабаб бўлар эди, – дейди корхона ҳисобчиси Мухиддин Исмаилов. – Электрон шаклда ҳисобварақ-фактураларнинг ва ишончномаларнинг жорий этилганлиги маблағ, вақт сарфини қисқартиши аниқ.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 807-сонли қарори қабул қилиниб, 2018 йил 15 октябридан бошлаб Сирдарё вилоятидаги барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисобварақ-фактуралар, ишончномалар электрон шаклда расмийлаштишни жорий этиш эксперимент тариқаси олиб борилмоқда.

Шу боисдан таклиф этилган хўжалик юритувчи субъектлар вакилларида ҳисобварақ-фактураларни ҳамда ишончномаларни электрон тартибда юритиш бўйича юзага келган кўплаб саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Шу билан бирга айтиб ўтилган таклиф ва мулоҳазалар ёзиб олинди.

 

Илғор ХАЛИЛОВ,

Сирдарё вилояти давлат солиқ

бошқармаси катта инспектори.

You may also like...

Fikr bildirish