ПОРА ГИРДОБИДА ҒАРҚ  БЎЛМАНГ!  

Адҳам Юсупов Сардоба туман ДСИда ишларди. Мансабидан фойдаланиб, “икки-уч сўм ишлаб” олгиси келиб қолди.  У тумандаги  “Сувли сой жилғаси” фермер хўжалигининг солиқ ва мажбурий тўловларидан бўлган 4 миллион 150 минг сўм қарздорлигини аниқлаб, хўжалик раҳбари Х.Давроновнинг ҳузурига чақиради ва 3 миллион сўм пул эвазига дастлаб мажбурий ундируви юзасидан ишни судга ошириб, сўнгра солиқдан ташқари қолган барча ташкилотлардаги қарзларини аниқлаб, уларни ундируви юзасидан номидаги барча мол-мулк моддий қимматликларга қаратиб, кейин туман мажбурий ижро бўлимига ошириш, бироз вақтдан сўнг ижросиз ДСИга қайтариб олиб, банкротлик эълон қилдиришлиги, шу орқали, солиқ ва бошқа барча қарздорликларни сўндиришга ваъда қилади.

Фермер бунга рози бўлади.

– Лекин Х.Давронов 2018 йилнинг 14 январь кунидан 18 январь кунига қадар деярли ҳар куни ёнимга келиб, ваъда қилинган пулни олиб келиб беришини, турли сабабларга кўра олиб кела олмаётганлигини,  бир гал келганида ваъда қилган 3 млн. сўмнинг 500 минг сўмини ишлатиб қўйганлигини, шу сабабли 2 млн. 500 сўм беришга имкони борлигини айтди. Ҳар гал келганида моддий томондан қийналгани ҳақида айтар эди, шу боис унинг пулларини тезроқ қўлга киритиш мақсадида бу таклифига рози бўлдим, – деб судда айбини тан олди А.Юсупов.

Жиғилдон балоси Адҳамни тинч қўймади, туппа-тузук ишлаб юрган жойидан, меҳнат жамоасидан, обрўсидан мосуво қилди. У Сардоба туман ДСИдаги хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 2 млн 500 минг сўм пулларни олган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланди.

Адҳам Юсуповнинг бахтига Ўзбекистон Республикасида суд энг аввало, инсонийлик принципларига амал қилади. Суд ҳайъати, судланувчи Юсупов Адҳам Арслановичга нисбатан жазо тайинлашда қилмишидан пушаймонлигини, 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 1-бандида, “Судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилсин” ҳамда 3-бандида, “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак” – деб кўрсатилган раҳбарий тушунтиришларидан келиб чиқиб, юқоридаги жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни, айбдорнинг шахсини, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони бор деган қатъий хулосага келиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан (ЖКнинг 168-моддаси 5-қисмига асосан) модда санкцияси доирасида ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, ЖКнинг 28, 211-моддаси 1-қисми билан озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли Қарорининг 45-бандида, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ, айбдор ўзи эгаллаган лавозим ёки хизмат фаолияти билан бевосита боғлиқ ҳолда жиноят содир этган ҳар бир ҳолда, суд, жиноятнинг хусусиятидан ҳамда маҳкумни у ёки бу мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини муҳокама қилиши шарт» деб кўрсатилган раҳбарий тушунтиришларидан келиб чиқиб, А.Юсупов мазкур жиноятни ўзи эгаллаб турган лавозими билан боғлиқ ҳолда содир этганлигини эътиборга олиб, келажакда бу каби жиноятларни содир этишини олдини олиш мақсадида, суд ҳайъати унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, қўшимча жазо, яъни моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ҳамда ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил озодликни чеклаш жазоси ҳамда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, шунингдек, А.Юсуповга сутканинг муайян вақтида яшаш хонадонидан чиқишни чеклашни, шунингдек, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Сирдарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар юклашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.

Суд ҳайъати, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини инобатга олди ва А.Юсуповга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилишни ва суд залидан озод қилишни лозим топди.

“Қилмиш-қидирмиш”- дейдилар. Адҳам ҳам ўз ҳуқуқий билими устида ишлаганида ва атрофда бўлаётган воқеалардан хабардорлигини оширганида бунақа қалтис ва таваккал ишга қўл урмаган бўлар эди.

Ўктам ПИРМАТОВ,

                                                          Сардоба тумани прокурори ўринбосари

You may also like...

Fikr bildirish