КОНСТИТУЦИЯ — ДАВЛАТ РАВНАҚИНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

Мамлакатимиз Конституцияси ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда. Шу маънода, унинг яратилиш жараёнини атрофлича ўрганиш, мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил этиш юртимизнинг янги тарихини ўқиб-ўрганишнинг ажралмас қисми сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Асосий Қонунимиз ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва ривожлантирилиши босқичлари мустақиллик тарихи билан бевосита боғлиқ.

Конституциянинг яратилиши ҳамда ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби Ислом Каримовнинг хизмати беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз. Ўша тарихий онларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам самарали меҳнат қилди. “…Мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош Қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимдан доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда”, деган эди Президентимиз. Юртбошимиз Асосий Қонунимиз мустақилликнинг илк йилларида қабул қилиниши даврида ҳам, уни ривожлантириш ва унда белгиланган энг муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳам Биринчи Президентимизнинг ёнларида туриб, елкама-елка бирга ишлади, давлат сиёсатини юритиш бобида юксак маҳорат мактабини ўтади. Аниқ айтадиган бўлсак, парламент депутати, Мандат комиссияси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси сифатида Асосий Қонунни ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча жараёнда унинг ёнида туриб изчил фаолият юритди. Юртбошимиз ўз даврида қонун чиқарувчи ҳокимият намоёндаси сифатида Асосий Қонунимизни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашган бўлса, кейинги чорак аср давомида ижро этувчи ҳокимият тизими поғоналарида самарали фаолият юритиб, Конституциявий нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда муносиб ҳиссасини қўшди.

Бугунги кунда Президентимиз, Конституциямизнинг 89-моддасига асосан, давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлаб келмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси, ўз моҳиятига кўра дунёда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги замонда давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий соҳалар ва хавфсизликни таъминлаш бўйича бешта устувор йўналишда аниқ муддатга мўлжалланган том маънодаги миллий стратегия ҳисобланади. Конституциямизда белгилаб берилган қоида ҳамда тамойиллар негизида мамлакатимизда самарали миллий қонунчилик тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланиб, ҳаётимизнинг барча соҳа ҳамда тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалиб, халқимизнинг онги-тафаккури тобора ўсиб бораётгани аҳамиятлидир.

            Шокир САИДОВ,

вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.

You may also like...

Fikr bildirish