ҚУТУРИШ — БЕДАВО КАСАЛЛИК

Халқаро Эпизоотик бюронинг тарқатган маълумотларига кўра, кейинги пайтларда Европа ва Осиё минтақасининг кўпгина мамлакатларида одамлар ва ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига чалиниши бўйича мураккаб вазият юзага келмоқда. Бу муаммо ўтган йиллар давомида Россия Федерациясининг бир қатор губерния ва шаҳарларида, шунингдек, қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида ҳам пайдо бўлади. Бу эса ўз навбатида, касаллик республикамиз ҳудудига кириб келиш хавфини кучайтирди.

Вилоятимиз ҳудудида қутуриш касаллиги билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, олиб борилаётган профилактик тадбирларни кучайтириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аммо вилоятимиз аҳолининг ҳайвонлардан жароҳатланиши бўйича республикада юқори ўринда туриши ачинарли ҳолдир.

Қутуриш (лотинчада-Rabies), “гидрофабия” — “сувдан қўрқиш” деб аталади. У баъзи ҳайвон ва одамларда учрайдиган ўта юқумли, ўткир касалликдир. Касаллик вирусининг сақловчиси тулки, бўри, чиябўри, от, туя, ит, мушук, шунингдек, каламуш, сичқон, юмронқозиқ, кўршапалаклар, қушлар ҳисобланади. Вирус қутуриб, ўлган ҳайвонларнинг чириётган мурдаларида, айниқса, қиш ойларида бир неча ҳафтагача сақланади.

Касаллик одамга дайди ва қаровсиз ҳайвонлар тишлаганида, унинг сўлаги ёки заррачалари терининг тирналган, жароҳатланган соҳаси юзасига, оғиз-бурун, лаб, кўз, шиллиқ пардасига тушганида юқади. Кейин вирус асаб толалари орқали организмга тарқалади, бош, орқа миядаги ўзи танлаган махсус жойдан макон топади. Касалликнинг яширин даври ҳайвонларда 14-16 кун, одамларда эса 8-10 кундан бир неча ҳафта, ҳатто 30-90 кун, 1 йилгача давом этиши мумкин. Қолаверса, бу муддат қутурган ҳайвон одам танасининг қайси соҳасини, юқори ва пастки қисмларини қай даражада жароҳатлаганига ҳам боғлиқ. Шунга кўра, шифокор муолажа тадбирларини тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда белгилайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, касаллик ҳайвондан ҳайвонга, ҳайвондан одамга ўтади, лекин одамдан одамга ўтмайди.

Илмий-тиббий, статистик маълумотларга қараганда, бош-қа ҳайвонларга нисбатан қутуриш касаллигига кўпроқ мойиллик ва уни юқтиришнинг 63 фоизи итлар билан боғлиқ экан.

Касалликнинг дастлабки даврида ит оғзидан кўплаб миқдорда сўлак ажрала бошлайди, у тез-тез ўқчиб, қусади, сув ичишдан (гидрофобия) ва ҳаво олишдан (аэрофобия) қўрқади.

Агар бирор ҳайвон одамни тишласа, қопса, терисини тирнаса ёки унга сўлаги тегса, ўша заҳотиёқ жароҳат юзасини оқиб турган сувда кир совун билан ювиш, атрофига йод эритмасини суртиб, устига тоза, стерил боғлам қўйиш, жароҳатланган одамни зудлик билан тиббий муассасалар, травматология бўлимларидан фаолият кўрсатаётган махсус шифокорга олиб бориш даркор.

Албатта, бу ўта муҳим муҳофаза ишларини амалга оширишда кенг жамоатчилик хўжалик ва хонадонларда, айниқса, кўп қаватли уйларнинг хонадонларида уй ҳайвонлари боқувчи, ит, мушук сақловчи барча фуқаролар фаол иштирок этишлари, белгиланган қонун-қоидаларга мунтазам ва пухта амал қилишлари, қолаверса, қутуриш касаллиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишлари лозим.

           У.ШОМУРОДОВ,

Сирдарё вилояти ФВБ

бўлинма бошлиғи, лейтенант.

You may also like...

Fikr bildirish