НОҚОНУНИЙ ЧАКАНА САВДОГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ. ЯНГИЕРЛИК ТАДБИРКОРГА ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛДИ?

Даврон Янгиер шаҳридаги дўконида озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиб, иши анча юришди. Эрта-ю кеч қўли-қўлига тегмай савдо қилди. Фаолиятини қонунийлаштиришга, ҳужжатларни саранжомлаш ҳақида ўйлашга вақти ҳам бўлмади. Бу орада солиқ хизмати органларидан неча бор вакиллар келиб огоҳлантириб ҳам кетишди. Ўзгариш бўлмади. Оқибатда солиқчилар унга қонуний чора кўришга мажбур бўлдилар. Тадбиркорга нисбатан молиявий жарима белгиланди. Даврон ўйланди. Жаримани тўлай деса, қийналиб қолади, тўламасликнинг эса иложи йўқ.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июлда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони уни бу вазиятдан қутқарди.

– Савдо фаолиятининг дастлабки даврида қонуний иш юритмай катта хато қилганимни тушундим – дейди биз билан суҳбатда Даврон. – Боиси ноқонуний фаолиятим учун белгиланган қирқ олти миллион сўмлик жаримани эшитганимда жуда тушкун ҳолатда эдим. Қабул қилинган фармоннинг моҳиятини соҳа вакиллари батафсил тушунтириб беришди. Фаолиятимни қайта тикладим. Менга белгиланган жарима буткул бекор қилинди. Ҳужжатларимни расмийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтиб, яна тадбиркорлигимни давом эттиряпман.

Тадбиркорнинг савдоси яна илгаригидек юришиб кетди. Асосийси энди унинг кўнгли тўқ. Сабаби қонуний фаолият юритишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Юқоридаги каби ҳолатга тушган ва қандай йўл тутишини билмаётганларга солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан Фармон мазмун ва моҳияти нафақат семинар ва учрашувларда, балки жойларга чиқиб доимий равишда тушунтирилмоқда. Бунинг натижасида Сирдарё вилоятида бугунга қадар вақтинчалик молиявий қийинчиликка дуч келиб, қарздорлиги сабабли фаолиятини тўхтатган 359 та якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолияти тикланиб, уларнинг 2 млрд 524,1 млн.сўмлик солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилган.

Бу эса 359 нафар фуқаронинг иш билан таъминланганлигини англатади.

Солиқ хизмати органи ходимлари инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли бизнес ҳамкори сифатида тадбиркорлар ва ишбилармонларга ҳуқуқий кўмак беришга доимо тайёр.

Дониёр ДЖУМАЕВ,

Сирдарё вилояти ДСБ Солиқ қарзини

ундиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи.

You may also like...

Fikr bildirish