АХБОРОТ БУ… !

«Kun.uz» таҳририяти томонидан эълон қилинган “Сирдарё вилоятидаги ногиронлар оиласига эътибор йўқ. Аввал ҳам бўлмаган” номли мақолани ўқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.

Тўғри бугунги шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизнинг барча жабҳаларини оммавий ахборот воситаларида шаффоф, тўғри таҳлил қилинишини даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Кундалик турмушимизда турли кўринишдаги ахборотларни матнли, графикли, жадвалли, овозли (аудио), расмли, видео ва бошқа ахборотларни қабул қиламиз.

Келинг, шу ўринда ахборот нима эканлигига янада ойдинлик киритиб олсак. Ахборотлар бошқа маҳсулот турларидан фарқли равишда бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга:

– Ахборот заҳиралари мутлақо битмас-туганмасдир. Жамиятнинг ривожланиши ва ахборотга бўлган талабнинг ортиб бориши уни камайтирмайди, аксинча ўстиради.

– Ахборотдан фойдаланиш имконияти йўқолмайди, балки сақланади.

– Ахборотни замонавий коммуникация воситалари орқали бир зумда исталган жойга етказиш мумкин. Аҳамиятлиси, бу жараён кўп вақт ёки муайян механизм талаб этмайди.

Бу ўз навбатида, ахборотларни тасарруф этиш ва турли мақсадлар йўлида фойдаланиш истагини кучайтиради.

Демак, инсоннинг ривожланиши учун ҳам ахборот сув ва ҳаво каби заруратдир. Шундай экан, бугун мамлакатимизнинг ахборот бозорида етакчилик қилаётган «Kun.uz», «Daryo.uz» каби  ахборот сайтлари томонидан Ўзбекистон ва жаҳонда юз бераётган воқеа ҳодисаларни ёритиб келаётгани кўпчилик юртдошларимиз каби мени ҳам шу сайтларга кун давомида бот-бот кириб, янгиликлардан боҳабар бўлишга имкон беради. Бу яхши албатта.

Бироқ, ушбу сайтлар томонидан узатилаётган айрим материалларга фуқаролик позициямдан келиб чиққан ҳолда қўшилмайман ва шу кўринишдаги материалларни узатилишини қоралайман. Чунки, биргина тўғри таҳлил қилинмаган воқеа ҳақидаги ахборот ўз навбатида миллионлаб ахборотни қабул қилувчи инсонларнинг фикрий оламида турли кўринишдаги тушунмовчиликларни келтириб чиқариши табиий. Чунки ахборотлар ҳеч қандай чегарани тан олмайди. (ахборотнинг ранги ҳам, оғирлиги ҳам йўқ, у ҳаво қатламида эркин сузувчи ҳаракатга эга)

Сабаби, юқорида келтириб ўтилган сарлавҳа ва унда баён этилган воқеага ахборотни қабул қилувчи субъект сифатида ёндашиб кўрайлик.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, сарлавҳанинг ўзида жуда ваҳимали, ўқувчини ўзига тортувчи қўштирноқ ичидаги жозиба мавжуд. “Сирдарё вилоятидаги ногиронлар оиласига эътибор йўқ. Аввал ҳам бўлмаган” (Журналистларда сарлавҳа ярим муваффақият деган тушунча бор) бу билан бир қарашда ўқувчида бутун бир вилоятда бу соҳада ногиронлар оиласига эътибор умуман бўлмаган, деган фикр ўйғотади.

Мақолада эса биргина оила ҳақида гап боради. Сарлавҳада жуда чиройли сўз ўйини ишлатилиб қўлланилган. Қолаверса, мақолада Сирдарё шаҳарчаси, Темир йўл кўчасида жойлашган икки қаватли уйдаги хонадонда истиқомат қилувчи Х.Е ва унинг яқинларига эътибор берилмаганлиги тўғрисидаги маълумот кўпчилик қатори менинг ҳам  диққат эътиборимни тортди.

Мазкур масалани «Kun.uz» таҳририяти бироз бошқачароқ ёндашиб масалага ойдинлик киритса бўлар эди, деб ўйлайман. Чунки, эълон қилинган ушбу мақола кўпчиликда нотўғри фикр туғдиргани ва бу билан фуқароларимизнинг онгу шуурига ахборот хуружи кўринишида таъсир қилмоқда, деб баҳолайман.

Биринчидан, маънавий таҳдид кўринишида таъсир қилиши.

Иккинчидан, бу каби ахборотлар ўз навбатида ахборотни қабул қилувчи субъектларни шу жамиятга нисбатан норозилик кайфиятини қўзғатади.

Мақолада номи келтирилган вояга етмаган бола – Х.А. мақола муаллифи ёзганидек, тумандаги 71-сонли мактаб – интернат тарбияланувчиси, демак, у давлатимиз томонидан ижтимоий таъминланганини ёдда тутишимиз лозим.

Агар, «Kun.uz» таҳририяти томонидан эълон қилинган мақолага чуқурроқ ёндашсак, ногиронлиги бўлган оилаларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳатто ривожланган давлатлардагига нисбатан бизнинг давлатимиз эътиборининг кун тартибида биринчи ўринда туради. Масалан, Сирдарё вилоятида бугунги кунда 27408 нафар ногирон инсонлар рўйхатга олинган бўлса, 178 нафар ногиронларга уй-жойга муҳтожлиги аниқланиб, биргина мазкур йилнинг биринчи ярим йиллигида 54 нафари уй-жой билан таъминланди. Вилоятда 2018 йилнинг якунига қадар 178 нафар ногирон ижтимоий муҳтож оилаларга уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган. Бу ишлар давом эттирилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун ахборот бозорида етакчилик қилаётган «Kun.uz» таҳририяти жойларда амалга оширилаётган ижобий ишларни кўпроқ ёритиб, фуқароларимизнинг бугунги кунимизга шукроналик кайфиятини ошириб боришига ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Тўғри жойларда камчиликларимиз ҳам бор, бу камчиликлар вақт соати билан давлат дастури, қолаверса мутасадди идоралар томонидан бартараф этилади. Шундай экан, аввал муаммони тўғри таҳлил қилиб, мутасадди идораларга мурожаат қилиш, натижа бўлмагандагина уни жамоатчилик фикрига ҳавола этиш энг тўғри йўл деб, биламан.

Акбарали МИРЗААҲМЕДОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази Сирдарё туман бўлими раҳбари.

You may also like...

Fikr bildirish