МАТОНАТНИНГ НОМИ НАТАЛЬЯ

Наталья бениҳоя хурсанд эди. Тўрт мучаси соғ. Боз устига, спорт билан жоним-отим шуғулланади. Сирдарё шаҳрида унга илк бор моҳир мураббия Розалия Зянгурова устозлик қўлини чўзди. Ажойиб кунларнинг бирида иқтидорли қизни республика Олимпия захиралари коллежига таҳсилга кузатиб қўйишди. Натальядан бўлажак Олимпиада чемпионининг «ҳиди» келарди. Қадди-қомати тик, мускуллари бўртиб чиққан. У коллежнинг енгил атлетика йўналишида шуғулланиш асно жуда тез танилди. Ўз ёш тоифасида 1995-1996 йилларда кетма-кет икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. Найза улоқтириш ва кўпкураш баҳсларида мамлакатда у билан тирлашадиган рақиб топилмади. Илк мураббийи Розалия Зянгурова ва коллеждаги устози Сергей Войновларнинг башоратларини тўлиқ оқлади. Бу пайтда Наталья ҳали 14 га ҳам кирмаган наврас-та қизча эди. Ўшанда чемпионлик мақомига эришганлиги учун 1000 сўм пул мукофоти билан тақдирланганида кўкка парвоз қилгудек қувонган эди.

Ҳаётда бахт ва бахтсизлик Ҳасан-Ҳусандек ёнма-ён юраркан. 1997 йил Наталья Владимировнани қаттиқ синовдан ўтказди. У бахтсиз тасодиф туфайли ёнғоқ дарахтидан йиқилиб тушди. Бутун оила — дадаси Владимир Семёнов, онаси Татьяна Топоришева, ака-сингиллари Сергей, Денис, Инна, тоғаваччаси Аркадий — барча-барчаси оёққа турди. Қаттиқ йиқилиш туфайли Натальянинг бел умуртқаси узилиб кетган эди. Шифокорлар қўлидан келганича даволашди.

Наталья учун ўта азобли кунлар бошланди. Уч йил тўшакка бутунлай михланиб қолди. Ҳар куни стадионда югуриб юрган  бахтиёр дамларини тушларида кўрарди. Яшашдан совий бошлади. Бироқ Натальяни қариндош-уруғлари, дугоналари, устозлари ёлғизлатиб қўйишмади. Ошпаз онаси қизига қараш учун ишини йиғиштирди. Ноёб гулни ўстиргандек қизининг  бошида парвона бўлди. Тўртинчи йилга бориб, Наталья каравотда атак-чечак ўтирадиган бўлди. Сўнгра унга Германияда ишлаб чиқарилган  “MEYRA” ногиронлик аравачаси энг яқин ҳамроҳ бўлиб қолди. (Бу  “"we moove people & dquo” сўз бирикмасининг бош ҳарфларидан олинган бўлиб, “биз инсонларни ҳаракатга келтирамиз”, деган маънони англатади). Эрта баҳорда қор остидан мўралаган бойчечак янглиғ Натальянинг кўнглида умид учқунлари юз оча бошлади. Бир вақтлар спорт билан шуғулланиб юрган  дориламон кезларини эслади. У ўзига етганча иродали эди.

—Мен катта спортга албатта, қайтаман, —дея қатъий азму қарор қилиб саломатлигига мос спорт турини танлай бошлади. Мустақил равишда арм-рестлинг, пистолетдан ўқ отиш турлари билан шуғулланаб кўрди.

2015 йилда Наталья Владимировнага анчадан буён кулиб боқмаётган омад яна юз бурди. У “Одноклассники” сайтини кўздан кечираётиб махсус манежда шуғулланаётган спортчиларнинг суратларига кўзи тушиб қолди. Ўзини таништириб, мени ҳам сафларингга қўшиб олинглар, илтимос, дея SMS мактуб йўллади. Қизгинанинг хатига  Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси мураббийи Сардор Абдухолиқов пешвоз чиқди. Натальянинг собиқ спортчи, икки карра Ўзбекистон чемпиони эканлигини эшитиб, пойтахтга чорлади. Онаси Татьяна Васильевна қизини опичлаб таксига ўтқазди-да, қайдасан, Тошкент, дея йўлга тушди. Сардор Абдухолиқов Натальяни махсус спорт столига маҳкам боғлаб, найза улоқтириб кўрди. У отган найза 12 метрлик чизиққа бориб тушди. Норматив бўйича найзани 15 метрга улоқтирган спортчи Паралимпия мусобақаларида қатнашишига рухсат бериларди. Мураббий унга шу маррани тезроқ эгаллашни топшириқ қилиб берди. Наталья қаттиқ шуғулланди. Бир вақтлардаги чемпионлик  гуржаси   яна қонида жўш урди. Икки ой орасида найзани 15, 10 метрга улоқтирадиган спортчига айланди. Унга Елена Юрьевна Свечникова мураббий этиб тайинланди. 2016 йил Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пар-алимпиячилар ўртасида ўтган енгил атлетика бўйича Гран-при турнирида Наталья Владимировна найза улоқтириш баҳсларида кумуш медални қўлга киритди. Икки ойнинг орасида жаҳон рейтингида унинг номи ярқ этган юлдуздек пайдо бўлди. 2017 йилда яна шу мамлакатда Гран-при турнири старт олди. Бу гал Наталья найза улоқтиришдан олтин, диск ирғитишдан кумуш медални қўлга киритди.

Спортчининг парвозли онлари бошланди. 2017 йил август ойида паралимпиячилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Наталья Владимировна нуфузли мусобақада учта медалга эга чиқди. Диск ва найза улоқтиришда олтин, ядро ирғитишда кумуш медаль соҳибасига айланди.

Ниҳоят, Наталья интиқиб кутган ёзги Параосиё ўйинлари ўтадиган кун ҳам етиб келди. Бу мусобақани Осиёнинг олимпиадаси ҳам деб аташади. Индонезиянинг Жакарта шаҳрида паралимпиячилар ўртасида кечган найза отиш баҳсларида 14 та давлат спортчилари курашга киришди. Сирдарёлик спортчи нуфузли мусобақада учинчи натижа кўрсатиб, кўксига бронза медалини тақди.

—Хурсанд бўлганингиздан йиғлаб юборган бўлсангиз керак? — дея суҳбатдошимизга юзланамиз.

—Йўқ, ғалабага эришган дамларимда фақат хурсанд бўламан. Чунки тўшакка михланиб ётган йилларимда барча кўз ёшларимни тўкиб  бўлганман-да! Дилимни хуфтон қилиб, ҳаётимни дўзахга айлантирган у кунларни эслашни истамайман! — дейди Наталья Владимировна.

Қаҳрамонимиз айни дамда “Ғ-55 класс”даги пара-лимпиячилар орасида дунё рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. (Паралимпиячилар ногиронлиги даражасига қараб классификация қилинади. Наталья I гуруҳ ногирони. Мусобақаларда фақат махсус столга ўтирган ҳолда найза улоқтиради). Яна бир ўзига хос факт: қаҳрамонимиз Параосиё ўйинларида аравачада ўтирган ҳолда мусобақада қатнашиб медаль олган илк ўзбекистонлик спортчи саналади.

—Менинг мусобақаларда эмин-эркин қатнашишимда яқиндан ёрдам берган вилоят СВОЖ ва ЖДЛҚК департаменти бошлиғи Зафаржон Тошпўлатович Шодиевга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. У киши мени моддий ва маънавий жиҳатдан ҳар доим қўллаб турдилар, — дейди Наталья Владимировна.

Сирдарё туманининг “Синдоробод” СИУ ҳудудидаги “Қуёш” маҳалласи Тараққиёт кўчасида ота-онаси билан умргузаронлик қилаётган Наталья Владимировна билан суҳбатлашиб, тўймаймиз. Махсус токчада спортчининг турли мусобақаларда қўлга киритган медаллари, кубоклари чиройли қилиб териб қўйилган. Унинг ёнида велотренажёр савлат тўкиб турибди. Уни Наталья беш йил мобайнида пенсиясидан орттириб, 950 минг сўмга сотиб олибди. (Қаҳрамонимиз I гуруҳ ногирони, оёқлари ишламайди, 550 минг сўм пенсия олади). Диққатимизни қирқ ямоқ бўлиб кетган ногиронлик аравачаси тортди.

—Бу аравача менинг 20 йиллик қадрдоним. У билан Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва Индонезияга ҳам бирга бориб келдим. “MEYRA”га бамисоли дўстимдек ўрганиб қолганман. Аравачамнинг бирор узви ишдан чиқса, дарров дадам пайвандлаб берадилар. Вақти келиб, ногиронлик аравачаси оладиган бўлсам, фақат “MEYRA”нинг янгисига эга бўлсам дейман.

Ҳамроҳим, вилоят   Паралимпия ассоциацияси бош мутахассиси Зоирхон Холов билан фикримиз бир жойдан чиқди. Наталья Семёнованинг спортдаги ҳаёти ҳақиқий қаҳрамонлик, матонат намунасидир. Бундай кишиларни ҳар қанча улуғласанг, бошга кўтарсанг  кам.

—Жакартада кечган  Параосиё ўйинларида белимдан озроқ жароҳат олдим, — дейди Наталья Владимировна. —Икки ҳафтадирки, уйда дам олаяпман. Мақсадим — Японияда ўтадиган Паралимпиада мусобақаларида қатнашиб, она юртим Сирдарёга медаль билан қайтиш. 2019 йилда Дубайда паралимпиячилар ўртасида жаҳон чемпионати бўлади. Ўша мусобақада ҳам албатта, ўзимни кўрсатмоқчиман!

Ниятинг йўлдошинг бўлсин, Наталья! Янги ғалабалар сари олға, сингилгинам!

 Муҳаммадали АҲМАД.

Суратда: Параосиё ўйинлари бронза медали совриндори Наталья Семёнова.

You may also like...

Fikr bildirish