ВОҲАДОШЛАРИМИЗНИНГ ПАРВОЗИ БАЛАНД

Қозоғистон Республикасининг Бойқўнғир шаҳрида спортнинг ракетамодель тури бўйича Жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Нуфузли турнир доирасида “Кўрқут ота” ҳамда ўсмирлар ўртасида “Бойқўнғир кубоги-2018” халқаро мусобақалари ташкиллаштирилди. Унда мамлакатимиз терма жамоаси сафида сирдарёлик уч нафар спортчи иштирок этди.

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти тасарруфидаги Сирдарё вилояти техник ва амалий спорт турлари маркази қошида ташкил этилган “Ракетамодель” спорт секцияси тарбияланувчилари Достон Норқулов, Ольга ва Светлана Ибрагимовалар нуфузли мусобақадан 3 та медаль билан қайтишди.

Достон эндигина 15 ёшни қаршилади. Уч йилдан буён вилоят техник ва амалий спорт турлари марказидаги “Ракетомодель”  спорт секциясида жиддий шуғулланмоқда. У Жаҳон кубоги баҳсларида  барча рақибларини енгиб, олтин медалга эга чиқди. Сирдарёлик спортчи шарафига Мадҳиямиз янграб, байроғимиз кўтарилди. Ольга ва Светлана ҳам бўш келмади. Қизларимиз Жаҳон кубоги мусобақаларида кумуш медаллар  соҳибаларига айланишди.

—Марказимизда “В” ҳамда “ВС” тоифали ҳайдовчилар тайёрлаш билан бирга спортнинг техник ва амалий турлари туркумига киритилган картинг, триатлон  ҳамда ракетамодель спорти жадал ривожланмоқда. Спортчиларимиз мамлакат, Осиё, Халқаро ва жаҳон мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашмоқда, — дейди мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти тасарруфидаги  вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази директорининг ўринбосари Эркин Ҳакимов.

Дарвоқе, биз барча спортчиларимизга парвозларингиз ҳамиша баланд бўлсин, деймиз!

                                МУХЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish