КОМСТОК ҚУРТИ ЎСИМЛИКЛАРНИ ВА МЕВАЛАРНИ ЗАРАРЛАЙДИ

Комсток қурти cўрувчи ҳашаротлар оиласига мансуб бўлиб, хавфли ички карантин ҳашароти саналади. Уни деярли мевали ва мевасиз дарахтсимон ўсимликлар ҳамда ўтсимон ўсимликларда учратиш мумкин. Мевали дарахтлардан анор, олма, нок, шафтоли, шунингдек, тутларни қаттиқ зарарлайди. Қишга бу меваларни сақловчилар омборхоналарни доимий текшириб, назорат қилиб туришлари даркор. Мева ичига кириб олган қуртлар уни еб, чиритади. Оқибатда мевалар яроқсиз ҳолга келиб қолади.

Биологик жиҳатдан олиб қараганда кўп уруғли бўлгани боис унга қарши курашиш жуда қийин кечади. Бу қурт Ўзбекистонга бундан 75 йил олдин кириб келиб, кенг тарқалган. Зараркунанда асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва кўчатлар орқали кенг тарқалади. Ўзбекистонда бу қуртлар бир йилда уч марта насл беради. Бир авлоднинг ривожланиши об-ҳаво ҳароратига қараб 42-65 кун давом этади. Битта урғочи қурт 250 тадан 600 тагача тухум қўяди.

Комсток қуртининг зараридан новдалар қинғир -қишиқ бўлиб, барглар сарғаяди ва қуриб қолади, дарахт танаси, илдизлари ва шохларида шиш ва ёриқлар ҳосил бўлади ва дарахтини умуман қуватдан кетказади. Комсток қурти тарқалган дарахт ва ўсимликларга циперфос, дурсбан, талстар, бензофосфат, моспилан, конфидор, циперметрин препаратлари билан ишлов берилади. Комсток қурти карантин остига олинган ҳудудларда янги кўчатзорлар, тутзорлар, боғлар, мевазорлар, токзорлар, анорзорлар карантин давлат хизмати рухсати билан барпо этилади.

                   Ботир ХУДОЙҚУЛОВ,

вилоят ҳудудий карантин инспекцияси

агроном-инспектори.

You may also like...

Fikr bildirish