ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҚАРЗЛАРИДАН КЕЧИЛМОҚДА

Республикамизда тадбиркорлик фаолиятини тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритишда енгилликлар бериш ва инвестиция учун қулай муҳит яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида солиқ қарзига эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг қарзларини кечиш юзасидан, шу қаторида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувларни бекор қилиш бўйича муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сонли Фармони айнан молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларнинг ўз фаолиятларини давом эттириш имкониятини яратиш учун қулай шароит яратди.

Фармонга кўра, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорлар, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахслар 2019 йил 1 январга қадар тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда уларнинг мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарздорликларни ҳисобдан чиқарилиши белгиланган.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахсларга ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинганлиги таъкидланди.

2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинган.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган хатлов натижларига кўра вилоят ҳудудида мазкур фармон татбиқ этилиши мумкин бўлган 3200 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Ҳозирда уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур фармон талаблари билан қизиққан, фаолиятида солиқ қарзлари кўпайиб, вақтинчалик қийинчиликларга дуч келган солиқ тўловчилар вилоят давлат солиқ бошқармасига ёки жойлардаги туман ва шаҳар давлат солиқ инспекцияларига мурожаат қилишлари мумкин.

Юртбошимиз томонидан яратилаётган бундай имкониятдан унумли фойдаланган тадбиркорлар, олдиларида турган молиявий қийинчиликлар бартараф этилгач, ўзларининг фаолиятларини янада эркин давом эттиришлари, янги иш ўринлари яратишлари ва албатта, ўзларининг ҳамда давлат бюджетининг тўлдирилишига муносиб ҳисса қўшишлари тайиндир.

           Ш.ЮЛДОШЕВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик

билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

You may also like...

Fikr bildirish