СИХ ҲАМ, КАБОБ ҲАМ КУЙМАДИ

Таҳририятимизга Мирзаобод тумани кўптармоқли марказий поликлиникаси мудираси, “Шуҳрат” медали ва II даражали “Соғлом авлод учун” ордени нишондори Феруза Қосимова номидан ариза тушган эди. Шикоят хатида ёзилишича, Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги ПҚ-2857-сонли қарорига асосланиб, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев оптималлаштириш натижасида туман ва шаҳарларда бўшаб қолган қишлоқ врачлик пунктларини шифокорларга хизмат уйлари қилиб бериш бўйича фармойиш чиқарганди. Мирзаобод туманидаги “Наврўз” ҚВП ҳам шундай объектлар рўйхатига киритилганди. Отасининг уйида яшаётган Феруза Қосимовага туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори А.Рустамовнинг (собиқ) 19 июнь 2018 йилдаги 65-сонли буйруғи билан “Наврўз” ҚВП биносидан жой ажратилган эди.

Шу орада туман ДСЭНМ (Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази) биноси нодавлат МТМ очиш учун тадбиркорга берилади. Унга бино топиш керак эди. Туман ДСЭНМ собиқ ҚВПнинг бўш хоналарини эгаллайди. Шикоятчининг ёзишича, ушбу саломатлик муассасасининг айрим беадаб ходимлари шифокордан яшаб турган хоналарини бўшатиб қўйишни сўраб, дағдаға қилган. Масаладан хабар топган туман ҳокими Ҳ.Абдуллаев можарога дахлдор кишиларни тўплаб, машварат ўтказди. Феруза Қосимова ўзи истиқомат қилаётган хоналарда қоладиган бўлди. Қолган хоналарга эса туман ДСЭНМ кўчиб кирди.

Шикоят хати юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаатимизга унинг бошлиғи Р.ЮЛДАШЕВдан қуйидаги расмий жавобни олдик:

“Мирзаобод туман ҳокимлигининг 2018 йил 14 августдаги 1/01-798-сонли ва Мирзаобод тумани тиббиёт бирлашмасининг 2018 йил 25 августдаги 465-сонли хатларини инобатга олиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Наврўз” ҚВП Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги ПҚ-2857-сонли қарорига асосан такомиллаштириш чора-тадбирига тушганлиги сабабли бугунги кунда шифокорлар учун уй-жой сифатида таъмирланган бинонинг икки хонаси Мирзаобод тумани тиббиёт бирлашмаси кўптармоқли марказий поликлиника мудираси Феруза Қосимовага берилган. Бинонинг қолган бўш турган қисми Мирзаобод тумани Давлат санитария-эпидемиология назорат марказига беминнат тарзда вақтинча берилди”.

Аризачи Феруза Қосимова охирги ёзма билдиргисида туман ҳокимияти ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масалани ижобий ҳал қилганлигини қониқиш билан баён қилган. Маҳаллий ҳокимиятнинг саъй-ҳаракати билан муросаи мадора кўчаси танланган. Масаланинг бу ечимидан сих ҳам, кабоб ҳам куймаганлиги жуда муҳимдир.

You may also like...

Fikr bildirish