“ИНЗИМ ТЕКС” МЧЖДА — ЭЧКИЧИЛИК  ФЕРМАСИ

Сирдарё тумани “Малик” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги “Инзим техс” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Фахриддин Нуриев ўтган йили Австрия давлатидан 30 бош қизил-ола зотли ғунажин, 120 бош сут етиштиришга мослаштирилган зотли эчки олиб келиб, жамият негизида чорвачиликни кенг йўлга қўйганди. Жорий йилда бу хайрли ишни давом эттириб, Австрия давлатидан келтирилган 180 бош зотли эчкини парвариш қила бошлади. Ана шу мақсадларга тижорат банкларидан олинган 300 минг Евро йўналтирилди.

Хориж зотига мансуб эчкилардан жорий йилнинг ўзида 54 та бола олинди. Ҳар бири иккитадан икки марта насл беришини ҳисобга оладиган бўлсак, жамиятда келгуси йилнинг ўзида зотли эчкилар сони 1200 бошга етказилади ва бошқа чорвачилик фермаларига зотли эчкиларни тарқатиш ишлари бошлаб юборилади.

—Эчкиларнинг ҳар биридан кунига 3-3,5 литрдан сут соғиб олаяпмиз, — дейди “Инзим техс” масъулияти чекланган жамиятининг иш бошқарувчиси Фахриддин Нуриев. — Зотли эчкиларнинг сути жуда шифобахш, у билан астма, ўпка, сил, сурункали бронхит ва кўк-йўтал касалликларини даволаш мумкин. Зотли эчки сутини ҳар куни истеъмол қилган одам мутлақо шамоллаш ошқозон касалликларига йўлиқмайди. Қолаверса, шифобахш сутнинг инсон иммунитетини мустаҳкамлашдаги роли ҳам катта. Шу боисдан туманда яшаётган хонадонлар, чорвачиликни йўлга қўяётган фермерлар зотли эчки сотиб олиш бўйича биз билан ҳозирдан шартнома буюртмалари имзолашаяпти.

Хориждан чорвачилик фермасига келтирилган зотли қорамоллар эса ҳам гўшт, ҳам сут етиштиришга ихтисослаштирилган. Айни вақтда четдан олиб келинган қизил-ола зотли ғунажинлардан 12 бош соғлом бузоқ олинди. Сигирлардан кунига ўртача 25-35 литрдан серқаймоқ сут соғиб олинмоқда. Чорва моллари озуқаси етиштириш учун ажратилган майдонлар янада кенгайтирилса, сигирлар маҳсулдорлиги бундан ҳам яхшиланади. Шунинг учун ҳам масъулияти чекланган жамият аъзолари хушхўр озуқа етиштириш учун ажратиладиган майдонларни янада кенгайтириш, сигирлар маҳсулдорлигини оширишни олдиларига катта мақсад қилиб қўйишган. Бу режалар амалга ошса, ҳеч шубҳасиз, Сирдарёда шифобахш сут ва чорва маҳсулотлари етиштириш суръатлари янада ўсади.

     Б.БЕКМУРОДОВ.

You may also like...

Fikr bildirish