АСТАФУРОВА ВА УНИНГ КОМАНДАСИ

Янгиер шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказига қадам ранжида қилгудай бўлсангиз, унинг раҳбари Наталья Константиновна Астафурова албатта, таништиришни кўргазмалар залидан бошлайди. Бу зал тўгарак раҳбарлари ёрдамида болажонларнинг ўз қўллари билан тайёрланган композициялар, ўйинчоқлар, амалий ва тасвирий санъат намуналари билан тўла. Улар ҳар бирининг ўз яратилиш тарихи бор. Наталья Константиновна кўргазмадаги буюмлар ҳақида меҳмонларга соатлаб гапириб беришдан эринмайди.

—Мана бу композиция-ни қаранг, — дейди марказ раҳбари чорпояда миллий кийимлар кийиб, гурунглашиб ўтирган ўзбек оиласига ишора қилиб. -Тўгарак аъзоларининг қўлларидан чиққан бу  қўғирчоқларда миллий қадриятларга чексиз ҳурмат ва эҳтиром бор.

Кўргазмалар залидан ўрин олган бир неча болалар ижоди намуналарида миллатлараро дўстлик, тотувлик ва бағрикенглик   ўз ифодасини топган.

Марказга биринчи бор ташриф буюрган болалар ва уларнинг ота-оналари ҳам дастлаб мана шу хонага таклиф этилади. Кўргазмадаги буюмлар билан танишиш асно қайси тўгаракка аъзо бўлсам экан, деб иккиланиб турган болалар ўз танловларини адашмай аниқлаб оладилар. Кимдир “Юмшоқ ўйинчоқлар”, бош-қа бирови “Мунчоқли безак”, учинчиси “Гулчилик” тўгаракларига аъзо бўлишни истаб қолади. Хазонрезги барглардан болалар қўллари билан тайёрланган “Куз гуллари” деб номланган композицияни томоша қилиб, рости гап, иқтидорли мусаввир чизган гўзал натюрмортни томоша қилгандек ҳузурландим. Наталья Константиновнанинг мазкур асар юзасидан айтган гаплари мени ҳайратлантирди.

—Сарғайиб ерга тўкилган бу барглар ким учундир чиқинди, ким учундир ўғит бўлиб кўриниши мумкин. Биз, устозлар эса ўша сарғайган баргларни болалар қўли билан гўзалликка айлантирамиз. Ҳар бир нарсадан гўзаллик яратиш инсонларнинг аъмолига айлангандагина дунё гўзаллашиб боради. Бу туйғу эса болаликдан тарбияланади.

Наталья Константиновна командаси билан гўзаллик яратишни хуш кўради. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да ўзбек халқ эртаги “Олтин тарвуз” бўйича қўғирчоқлар галереяси яратилди. Қаҳрамонларнинг сиймоларини яратишда “Юмшоқ ўйинчоқлар” тўгараги аъзолар жонбозлик кўрсатишди. Қўғирчоқ-образларнинг кийимларини “Миллий либослар дизайни” тўгараги аъзолари тикди. Қўғирчоқларнинг каркасларини ота-оналар темирдан ясаб беришди. Ана шу тариқа бир ўқ билан бир неча қуён овланди. Ўғил-қизлар “Болалар адабиёти” журналидан “Олтин тарвуз” эртагини мутолаа қилиб, уларнинг қўғирчоқдаги талқинлари туфайли яхшилик ва ёмонликнинг фарқига етдилар. Қолаверса, бир неча тўгаракларнинг саъй-ҳаракати туфайли гўзаллик яратилди. Бундай инновацион янгилик ва ғоялар болаларни ҳар доим оҳанрабодай ўзига тортади. Қўғирчоқ театри эса бу ижод намуналаридан фойдаланиб, гўзал саҳна асари яратди.

Бугунги кунда марказда 18 та тўгарак ишлаб турибди. Уларда 420 нафар ўғил-қиз бошланғич касб-ҳунар сирларини ҳавас билан ўрганмоқда. Марказ тарбияланувчилари вилоят ва республика миқёсидаги турли кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келишаяпти. 2017 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган “Болалар ва сув” экофестивалининг якунловчи мамлакат босқичида марказ ёш экологлар жамоаси фахрли учинчи ўринни эгаллади. Жорий йилнинг апрель ойида ўтган “Экология болалар нигоҳида” кўрик-танловининг республика босқичида “Экодизайнер” тўгараги аъзоси Шаҳзода Ҳайдарова сертификат билан тақдирланди.

Устозинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман, деган гап ҳақрост. Марказнинг “Компьютер сабоқлари” тўгараги раҳбари Вероника Уралова куни кеча “Энг яхши АРМ мутахассиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Энг чиройли тақдимот муаллифи” номинацияси соҳибасига айланди. “Юмшоқ ўйинчоқлар”,  “Карвинг” ва “Рақс” тўгаракларининг раҳбарлари Салима Ибодуллаева, Маъмура Бекбўтаева, Азиза Мавлоновалар “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” кўрик-танловининг вилоят босқичга қизғин ҳозирлик кўришмоқда.

Марказда “Устоз-шогирд” ҳаракати яхши йўлга қўйилган. Қўғирчоқ театри раҳбари Дилафрўз Ўролова бу йил Гулистон давлат университетининг сирт-қи “Мактабгача таълим” йўналишига ўқишга кирди. Уни дарҳол 12-МТМга ишга таклиф қилишди. Бироқ қўғирчоқ театри бўш қолмади. Устоз ўрнини шогирди Мадина Абдуазимова эгаллади.

Наталья Константиновна бу йил “Антик дунё” илмий академиясининг Тошкент шаҳрида ўтган Хал-қаро анжуманида ўзи ишлаётган марказ фаолиятида тўплаган тажрибалари бўйича маъруза қилиб, лауреатлик кўкрак нишони билан тақдирланди. Янгиликка ўч, изланувчан раҳбарга профессор фахрий унвони берилди.

—Мен бу унвонни чин маънодаги профессор бўлдим, деб тушунмайман. Ўз ишимнинг профессонали (у киши нутқида шундай ишлатдилар, балки профессор ва профессионал сўзларининг ўзаги биттадир)  учун берилган мукофот деб биламан.

Янгиер шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказида ишлаётган барча педагоглар болаларни чин маънодаги ижодкорлар, деб ёндошадилар. Зеро, таниқли педагогларнинг шаҳодат беришича, барча болаларда даҳолик учқунлари озми-кўпми бўларкан. Наталья Константиновна бу гапни командасига ҳар куни эслатиб туради. Шунданмикин бу масканнинг янгиерлик ўғил-қизлар орасида нуфузи тобора ошиб бораяпти.

Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирда: Наталья Константинована Астафурова командаси аъзоларининг бир гуруҳи билан.

  Муаллиф олган сурат.

You may also like...

Fikr bildirish