ЁШ БОЛАЛАР НАЗОРАТСИЗ ҚОЛМАСИН

Одатда ёнғин чиқиши инсонларнинг эҳтиётсизликлари, ёнғин хавфсизлиги қоида талабларига риоя қилмасликлари, шу жумладан болаларнинг шўхлиги, электр симларининг носозлиги ва уларнинг нотўғри уланишидан, чақмоқ оқибатида ва айрим бошқа сабаблардан содир бўлади.

Туманимизда турли сабабларга кўра ёнғинлар содир этилмоқда. Ушбу ёнғинларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг қариб 33 фоизи болалар шўхлиги оқибатида келиб чиқиб, бунинг натижасида фуқаролар моддий зарар кўрмоқда. Аксарият содир бўлган ҳодисаларни таҳлил қилар эканмиз, ҳар бир ёнғин ўз-ўзидан эмас, балки инсонларнинг лоқайдликлари, бепарволиклари, ёнғин хавфсизлиги қоида талабларига риоя қилмасликлари ва болаларнинг назоратсиз қолиб, олов билан ўйнашлари натижасида содир бўлмоқда.

2018 йилнинг 2 январь куни Ховос тумани “Обод турмуш” маҳалласи Машъал кўчаси 42-уйда ёнғин содир бўлди. Унда хонадон эгасининг 10 яшар невараси ҳовлидаги хашакхонанинг иккинчи қаватига нарвон орқали чиқиб, гугурт ўйнаган. Натижада ёнғин юзага келиб, хашакхонадаги, 300 дона сомон пресс хашаги ва хашакхонанинг том қисмининг 50 квадрат метр майдони, ёниб кетган.

2018 йил 2 август куни Ховос тумани “Мустақиллик” МФЙ Навоий кўчаси 46-уйда ёнғин содир бўлди. Хонадон эгасининг 2011 йилда туғилган невараси хашакхонага кириб, гугурт ўйнаб сомон хашагини ёқиб юборган. Ёнғин оқибатида хашакхонанинг том қисми ва 250 дона сомон пресс хашаклари ёниб кетган.

2018 йил 11 август куни Ховос тумани “Истиқлол” маҳалласи Истиқбол кўчасидаги хонадонлардан бирида содир этилган ёнғин ҳам болалар шўхлиги натижасидир. Уй эгасининг 10 ёшли невараси ҳовлидаги омборхонага кириб, гугурт ўйнаб, омборхонадаги буюмларни ёқиб юборган. Оқибатда омборхона ва омборхона ичкарисидаги буюмлар ёниб кетган. Ушбу ёнғинларда хонадон эгалари соғ-омон қолганлар. Бу каби ёнғинлар, афсуски, кўп бора содир бўлмоқда.

         Нурали АЛИЕВ,

 Ховос тумани ЁХБ ЁН ва ПГ ЁҲ катта инспектори, катта сержант.

You may also like...

Fikr bildirish