МУТОЛАА  АҚЛНИ  ЧАРХЛАЙДИ

“Ўқимоқ — энг яхши билим олишдир”, деган эди улуғ рус шоири Александр Пушкин. Ақлли инсон мутолаа қилмасдан туриб тўлақонли маълумот олиб бўлмаслигини яхши билади. Китоб ўқимаган киши юксак дидли, маданиятли ва дунёқараши кенг одам бўла олмаслиги шубҳасиз. Бироқ, таассуфлар бўлсинки, бизнинг янги асримизда мутолаага эътибор анча сусайиб кетди. Интернет асрида матн иккинчи даражали бўлиб қолди ва фото, стикер ҳамда смайликлар кўпчиликнинг диққат марказини забт этди. Улар инсоннинг ҳис-туйғулари ва ҳолатини намоён қилади, ҳарфларсиз тасвирлар жамиятга, шунингдек, асосан ёшларга маъқул бўлади.

Бир сўз билан айтганда, дунё унчалик яхши томонга юз бурмаяпти. Инсоннинг ўзи ўз хоҳиши билан  рақамли хабарлар технологиясига беихтиёр бўйсунган ҳолда фикр юритиш қобилиятини аста-секин йўқотиб бормокда. Оқибатда эса, ҳозирги замон одамлари ҳатто чуқурроқ ўйлаб, фикр юритишга ҳам вақт тополмаяптилар. Уларнинг диққатини фақат пул топиш мақсадида фаолият кўрсатаётган интернет ва телевидение чалғитади. Ахир ўзини овора қилмасдан, мияни ишлашга мажбур этадиган матнларни ўқишдан кўра чиройли тасвирларга тикилиш ҳам осон, ҳам ёқимлироқ-ку.

2017 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 12-16 ёшли болалар ўртасида тадқиқот ўтказди. Савол-жавоблар натижасига кўра, ўсмирларнинг 43,7 фоизи асосан ўқув адабиётларини ўқиш билан машғул бўлиши аниқланди. Улардан ҳар ўнинчиси дарсликлардан бошқа китобларни ўқимаслигини тан олишди. Болаларнинг деярли ярми китоб ўқишдан кўра, ўртоқлари билан яқин мулоқотда бўлишни ва компьютер ўйинларини ўйнашни афзал кўришаркан.

Аввал бадиий адабиётни ўқиш билан шуғулланган кўпчилик китобхонлар кейинги йилларда китобнинг электрон шаклидан фойдаланган ҳолда мутолаа қилишни маъқул топишди. Китобнинг нархи арзон бўлмаган бир пайтда бу усул қулай ва самаралидир. Ваҳоланки, компьютернинг, айфон ва шунга ўхшаш гаджетнинг биттасига ўнлаб китоб-ларни сиғдириш мумкин.

Лекин айфон, планшет ёки ноутбукнинг хотирасида китоблардан ташқари юзлаб бири биридан қизиқарли ўйинлар ҳам мужассам. Агар ёрқин, мафтункор, ўзига торта оладиган ўйин ва китобдаги  матндан бирини танлаш керак бўлса, унда енгил завқлантирадиганини танлашлари табиий. Шунда инсон бир китобдан кейин бошқаларидан ҳам узоқлаша бошлайди. Нима учун шундай ҳолат вужудга келади? Инсоннинг мияси енгилроқ йўлни танлайди ва келгусидаги ҳар бир танлаш оддийсининг фойдасига нисбатан кучайиб бораверади. Оқибатда нима бўлади? Биз энг осон масалаларни ечамиз ва ўзимиз аллақачон секин-аста ялқовликка мослашиб қолганимизни сезмаймиз ҳам.  Ахир биз учун беминнат калкульятор ҳисоблаб беради, компьютер таржима қилади, одамзод ҳатто автопилот ҳам ихтиро қилиб қўйган. Ҳа, тараққиётга қарши чиқиш қийин, лекин кимлигимизни унутмаган ҳолда у билан онгли равишда муносабатда бўлиш лозим. Агар жараён шу тарзда давом этадиган бўлса, орадан йигирма-ўттиз йил ўтиб, инсоният тўлиқ рақамли ўлчамга берилиб, ундан чиқиб кетиш йўлини тополмайди ёки энг  ёмони, ўзиш хоҳламай қолади.

Китоб мутолааси нима беради? Инсон қандайдир китобни ўқий туриб, тасвирланган манзараларни кўз ўнгига келтириб, унинг дунёсига беихтиёр шўнғиб кетади. Ўқиш  соатларида, яъни миянинг ишлаб турган пайтдаги жараёнида у тасаввур қилади, таҳлил қилади ва ўзича хулосалар чиқаради. Китобни тўлиқ ўқиб бўлганидан кейин инсонда аниқ бир шахсий фикр вужудга келади.

Ҳар қандай яхши китоб — бу биз ташналик билан ўрганишимиз керак бўлган бебаҳо ҳаётий тажриба ҳисобланади. Эндиликда ўз устида ишлаш, ақлни, билимни ривожлантириш, одамлар билан муомала қила билиш учун турли хил тренингларда иштирок этаяпмиз, дея ўзимизни юпантирамиз. Лекин бундай тренингларнинг фойдаси у қадар фойдали, деб бўлмаса керак. Чунки маърузачи-тренерлар ҳаммасини китоблардан ўқиб олиб, бизнинг пулимиз ҳисобига шунчаки ҳикоя қилиб беришади. Биз эса, матнни ўқишдан кўра, эриниб қолганимиз боис миямизга осонроқ қабул қилинадиган маълумот учун онгли равишда ҳақ тўлаймиз. Бу жараёнда инсон китоб ўқиган пайтида ўзига нисбатан ишончи, салоҳияти кўпроқ ортиши ва одамлар билан муомала қилишда бирор фикрни билимдонлик билан етказа билиш қобилияти ўсишини ҳам унутиб қўямиз. Салоҳиятли одамга ҳамма интилади. Нима учун? Чунки ўқимишли инсон билан бирор-бир масалани муҳокама қилиш ва ундан қандайдир янги, фойдали маслаҳат олиш қизиқарлироқдир.

         Тўлқин АҲМАДАЛИЕВ.

You may also like...

Fikr bildirish