ПИЧОҚНИ АВВВАЛ ЎЗИНГГА УР…

Халқимиз орасида бот-бот тилга олинадиган бу гап (ибора)  бировга ёмонликни раво кўрадиган, “ўзганинг  ташвишу ғами билан нима ишим бор” дегувчи кишиларга нисбатан ишлатиши барчага аён. Лекин орамизда ушбу ҳаётий ҳақиқатни билса-да билганидан  қолмайдиганлар учраб туради. Айниқса, бу каби кимсаларнинг ўз манфаати йўлида инсон умри заволи бўлган оғуфурушлик билан шуғулланиб, ўзгаларнинг тақдирига бефарқ  қараб,  ҳаётини зулматга айлантиришга хизмат  қилаётганлигини қандай оқлаб бўлади?  Уларга  қараб, “эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси” экан-да деймиз афсус билан…

1970 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманида туғилган (Қозоғистон Республикаси фуқароси), беш нафар фарзанднинг отаси, меҳнат лаёқатли, лекин ишсиз Толеп Бақит Жолдасбай ули (ўғли) Есенкази ва Мардон исмли шахслар билан Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кўп миқдорда гиёҳвандлик моддларини контрабанда қилиш тўғрисида ўзаро тил бириктириб, жиноятга қўл уришган. 2017 йил июнь ойида Тожикистон фуқароси бўлган Мардон исмли шахс томонидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган 3 граммдан ортиқ опий гиёҳванд воситаси юртимиз ҳудудига олиб кирилган ва “Домла” тахаллусли шахсга топширилган. Кейинчалик эса ушбу модда “Есанкази” тахаллусли  шахсга ўтказилган. Оғуфурушлар мана шундай жиноий ҳаракатлар орқали  ўзаро занжирли алоқалар билан гиёҳвандлик воситаларини республикамизнинг турли манзилларига етказиб,  катта миқдордаги пул эвазига гиёҳвандларни таъминлаб туришган.

Халқимизда кўза кунди эмас, кунида синади, деган нақл бор. Жиноий гуруҳнинг сири  кўп ўтмай фош этилди: Б.Толеп 2017 йилнинг октябрь ойида Жиззах шаҳридаги “Ғани” номли чойхонанинг ёнида юқорида номлари келтирилган кимсалардан 164 граммдан зиёдроқ миқдордаги опий гиёҳвандлик моддасини “Есенкази”га қимматга (катта маблағ эвазига) ўтказиш мақсадида олиб келаётган пайтида қўлга олинди.

Ҳа, бу гал гуруҳнинг “ови” юришмади. Бу билан қанча  кишининг ҳаёти асраб қолинди.

Б.Толеп берган кўрсатмаларида юқорида номлари қайд этилган шериклари ёрдамида юртимизга хориждан гиёҳвандлик воситаларини қандай йўл, қай миқдорда, қанча маблағ эвазига олиб кирилгани, қаерда сақлангани, тарқатилгани ҳақида гапириб берар экан, қилган ишидан пушаймонлиги, хато  қилганини тушуниб етганлигини айтиб, суддан қонуний енгиллик сўради.

Судланувчи Бақит Толеп ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, терговда сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўрсатмалари билан содир этилган ушбу жиноят тўла ўз тасдиғини топди.

Толеа Бақит Жолдасбой ули (ўғли) Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,246-моддасининг 2-қисми ва 273-моддасининг 5-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Оғуфуруш мақоланинг сарлавҳасида келтирилган “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга…” деган иборанинг мағзини панжара ортида ўтказаётган йиллари, кунларида чақиб, хулоса чиқарса, қилмишидан виждони қийналса, ажабмас.

ХОЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish