СИРИ ФОШ БЎЛДИ

Халқимизда касални  яширсанг, иситмаси ошкор  қилади, деган ибора бор. У оддий хасталик ҳақида айтилган. Гиёҳвандлик иллат, – деган балойи азимга юртдошлари, миллатдошларини дучор этишга “ҳисса қўшаётган” баъзи қалби кир, нияти бузуқ, худбин инсонлар (аслида улар инсон дейишга  нолойиқ) нинг қилмишларини айтишга тил ожиз.

1972 йили Сирдарё вилоятида туғилган, ўрта маълумотли, оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланган Салимжон Жураевич Ахмедов ана шундай қабиҳ кимсалардан бири.

Судланувчи – хавфли рецидивист С.Ахмедов 2017 йилнинг август ойи бошларида ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун Тожикистон Республикаси фуқароси Х.А.Валиев ва бошқалар билан тил бириктириб, жиноий ишга қўл уришган, яъни қонунга хилоф равишда кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситаларини Тожикистон Республикаси ҳудудидан Ўзбекистон Республикасига контрабанда қилиш ва келгусида юртимиз ҳудудида уни қиммат баҳода сотишни кўзлашган. Х.Валиев жорий  йилнинг февраль ойи бошида Тожикистон Республикаси ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегара назоратини  четлаб ўтиб, 509 грамм кўп миқдордаги опий гиёҳвандлик воситасини Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган 64/21 – сонли жазони ижро этиш муассасаси олдидаги кўприк остига хуфёна яшириб кетган.

С.Ахмедов шу куни ушбу кўприк остидаги хуфя жойга яширилган гиёҳвандлик воситасини олиб, уни Ширин шаҳрида жойлашган “Мусо” номли ошхонага олиб келиб, яширган. Лекин гиёҳфурушларнинг бу қора нияти – режаси амалга ошмади. Шу куни Ўзбекистон Республикаси ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган текширув ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида юқорида тилга олинган миқдордаги гиёҳвандлик моддаси яширилган жойида ашёвий далил сифатида  аниқланган. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганлари шу-да.

Ўтказилган суд-кимё экспертизасининг хулосасига кўра, С.Ахмедовдан ашёвий далиллар тариқасида қўлга олинган морфин, кодеин, тебаин каби фаол гиёҳванд воситалар опий гиёҳвандлик моддаси туркумига киришлиги ҳамда уларнинг соф оғирлиги 509 грамм эканлиги қайд этилган.

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганлари ҳақ гап.  “Ўтда куймас, сувда чўкмас, қилич билан кесиб бўлмас” ўжар ва  тўғри  далиллар С.Ахмедов ўз айбига иқрорлик билдирмаган бўлса-да, унинг нопок ишларини ойдек равшан  қилди, яъни у содир этган жиноятни исботлади.

Суд ҳайъати, давлат айбловчисининг хулосаси, судланувчи С.Ахмедов ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, тегишли жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, далилларни таҳлил этди. Натижада судланувчи С.Ахмедов томонидан содир этилган жиноят тўла ўз тасдиғини топди.

С.Ахмедовга Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 28, 246-моддаси 2-қисми, 25, 273-моддаси 5-қисми билан 10 (ўн) йил муддатга, ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазолар қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 11 (ўн бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

                   ХОЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish