ЮКСАК ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳаларида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимизнинг Фармонларига кўра  давлат мукофотлари билан тақдирландилар. 30 август куни вилоят ҳокимлигида  халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатаётган юртдошларимизга юксак мукофотларни  топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Маросимда сўз олган вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда олиб борилаётган катта ислоҳотлар ва ташаббуслар дунё ҳамжамияти диққат-эътиборини ўзига оҳанрабодай тортаётганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати тобора кўтарилиб бораётганлиги, давлат органлари ва хизматчилари эл-улус, раият, халқ хизматига сафарбар этилганлигини айрича урғулади.

Навбат тантанали маросимнинг энг ҳаяжонли дамларига етиб келди. Ғофуржон Мирзаев вилоятимиздан юксак давлат мукофотларига лойиқ кўрилган 9 нафар фуқарога орден ва медалларни гулдурос қарсаклар остида топширди. Нотиқ нишондорларни келгусида ҳам вилоятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чорлади.

Мукофотланганлар номидан сўз олган республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё туман бўлинмаси раҳбари Акбарали Мирзааҳмедов, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ховос тумани Кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари Шербўта Примқуловлар камтарона меҳнатлари қадр-қиммат топганлигидан ғурурланиб гапирдилар. Мамлакатимизда олиб борилаётган барча эзгу ишларнинг йўлбошчиси муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга узоқ умр ва она Ўзбекистонимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшишда улкан муваффақиятлар тиладилар.

—54 йилдан буён маънавият соҳасида ишлайман, – деди Акбарали Мирзааҳмедов. -Ҳеч қачон бизнинг сўзимиз бугунгидай ўткир ва таъсирли бўлмаган.

—Мен бугун икки карра хурсандман. – деди Шербўта Примқулов. – Кўксимга тақилган “Дўстлик” ордени таваллуд кунимда берилаяпти.

Тантанали маросимни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев якунлаб берди. Нотиқ сўзининг интиҳосида Сирдарё ва сирдарёликларнинг шаънини кўтариш, ўзи истиқомат қилаётган жойга меҳр-муҳаббат боғлаш ҳақида қатор  ибратли гапларни айтди.

Муҳаммадали АҲМАД.

Нарзулла ФАЙЗ олган сурат.

You may also like...

Fikr bildirish