ИСЛОҲОТЛАР ВА МАТБУОТНИНГ ЎРНИ

Вилоят Маънавият ва маърифат маркази фаоллар залида “Халқ ҳаётига яқинлик – журналист фаоллиятининг бош мезони” мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун конференция ўтказилди. Мазкур давра суҳбати Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, Республика товар-хом ашё биржаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Ижодий учрашув Ўзбекистон Республика Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йилнинг 27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан соҳа аҳлига йўллаган байрам табригидан келиб чиқиб, галдаги вазифалар белгиланди.

Вилоят ҳокими ўринбосари О.Абдуғаниев бошқариб борган конференцияда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов сўзга чиқиб, барча ижодкорларни давлатимиз Мустақиллигининг 27 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти бугунги конференциянинг номидан маълум, – дейди С.Ҳакимов ўз нутқида. – Мана, икки йилдирки, мамлакатимиз, халқимиз тарихида янги давр бошланди. Бу давр чинакам маънода халқ сари юз буриш даври бўлди. Ва бу жараён ҳамма соҳада, жумладан, ОАВ фаолиятида ҳам янги бир даврни бошлаб берди. Ўтган йилнинг 3 августида Президентимиз пойтахтда ижодкор зиёлилар билан учрашди. Учрашувда бизнинг маънавий, маданий ҳаётимиз ниҳоятда теран таҳлил этиб берилди, муаммолар аниқ белгиланди ва уларни бартараф этиш юзасидан мукаммал таклифлар, ғоялар ўртага ташлади. Шу учрашувдан сўнг катта амалий ишлар йўлга қўйилди.  Хусусан, Президентимизнинг ўтган йили “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”, “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги имзолаган қарорлари бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Бугунги кунда вилоятимизда 22 та газета ва 1 журнал чоп этилиб, 1 та телерадиокампанияси фаолият юритиб келмоқда. ОАВ ходимлари мамлакатимизда ҳамда вилоятимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, янгиланиш ва ўзгаришлар, давлатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни кенг ёритишмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Э.Холбўтаев, Республика товар-хом ашё биржаси масъул ходими Б.Каттахўжаев сўзга чиқишди.

Фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтган йиғилиш сўнгида бир гуруҳ ОАВ ходимлари ҳамкор ташкилотлар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Хусусан,  Сирдарё тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Сирдарё” газетаси таҳририятига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда “Илҳом” жамоат фонди томонидан компьютер жамланмаси совға қилинди.

        Шаҳло АБДУСАИДОВА.

 

You may also like...

Fikr bildirish