ҲАР ТУП ҒЎЗАДА 25-26 ТАДАН КЎСАК

Ғўзани суғориш, озиқлантириш ва зараркунандаларга қарши кураш тадбирлари пухта амалга оширилаётган фермер хўжаликларида ҳосилга ҳосил қўшилиб, олди ривождаги кўсаклар очила бошлади. Барча агротехник тадбирларни ўз муддатида ўтказган илғор пахтакорлар парваришни бўшаштирмаган ҳолда йиғим-теримга тайёргарлик ишларини бошлаб юбордилар.

Толаси пишиқ, ҳосилдорлиги юқори, шўрга чидамли “Султон” нави парваришланаётган ҳудудларда, айниқса, бу йил ғўзаларнинг ривожи баланд. Жорий йилда 1515 гектар майдонда мўл ҳосил етиштиришни мақсад қилиб қўйган Оқолтин туманидаги “Андижон” сув истеъмолчилар уюшмасининг миришкорлари ғўзани озиқлантириш, баргини чилпиш, иккинчи суғориш тадбирларини қулай муддатларда ўтказганликлари сабабли пайкалларда мўл ҳосил тўплаяптилар. Уюшманинг “Пейшак ота”, “Элзод Элдор сардор”, “Зокиржон Собиржонов”, “Жўрабек Оташ”, “Оқолтинлик Учқун полвон”, “Абдуазим Қўқонов”, “Улуғ Давлатхўжа” фермер хўжаликларида ҳозиргача ҳар тупда 25-26 тадан тўқ кўсак яратилди. Буларга қўшимча яна 4-5 та гулдан кўсакка айланаётган ҳосил нишоналари бор.

— Бу йил ҳудуд бўйича гектаридан ўртача 30 центнердан ҳосил етиштиришни эзгу ният қилиб қўйганмиз, – дейди “Андижон” сув истеъмолчилари уюшмасининг раиси Шодиёр Кўбаев. —Экин талаби, об-ҳаво ҳарорати юқори келганлигини ҳисобга олиб, ғўза қатор ораларига 9 марта ишлов бердик. Тўрт марта кўсак қурти ва бошқа ҳосил зараркунандаларига қарши дори сепиб чиқдик. Бундан ташқари, биомаҳсулотлардан ҳам оқилона фойдаланиб, шира, кўсак қурти ва  бошқа ғўза касалликларига қарши курашни изчил давом эттираяпмиз. Экин майдонларининг ҳаммасига “Султон” навини жойлаштиргандик. Бу нав шўрга чидамли бўлиши баробарида ҳосилдорлиги юқори, толаси пишиқлиги билан ҳам деҳқонларимиз эътиборини қозонди. Икки йилдирки, ушбу навни парваришлаб, пахтадан мўлжалдагидан ҳам зиёд ҳосил етиштириб келаяпмиз.

Сув истеъмолчилари уюшмасида олди ривождаги ғўзаларда 2-3 тадан кўсак қийғос очила бошлади. Уюшма деҳқонлари ҳосилга ҳосил қўшиш учун парваришни бирор кун ҳам сусайтирмаяптилар. Аксарият майдонларда иккинчи тур чеканка ўтказилмоқда. Ҳосил тош босиши учун эгат оралатиб суғориш, шарбат бериш тадбирларига ҳам катта эътибор берилаётир. Эгатларга шарбат оқизишда Акмал Пейшаков, Жамол Турсунбоев, Абдували Кўчаров каби тажрибали сувчилар бошқаларга ибрат бўлмоқдалар.

       Б.ҲОШИМОВ.

You may also like...

Fikr bildirish