ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ ЧИҚДИ

Йўл, кўприк қуришни, эл-юртнинг ободчилиги, фаровонлигига хизмат қиладиган бино, иншоотлар бунёд этишни халқимиз савоб иш деб билади. Бу эзгу ишлар эса қўли гул, моҳир қурувчиларнинг меҳнатлари билан амалга ошади. Юртимиздаги қатор-қатор гўзал ва муҳташам бинолар ана ўша олижаноб касб эгалари — қурувчиларнинг заҳматли меҳнатлари маҳсулидир. Бугунги кунда республикамиз бўйлаб бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари шитоб билан давом этмоқда. Бири биридан чиройли, замонавий бинолар бунёд этилмоқда. Буни кўрган ҳар бир инсоннинг кўзи қувониб, кўнгли яйрайди, касбига садоқатли, ҳалол, фидойи қурувчиларга тасаннолар айтишмоқда.

Лекин, минг афсуски, халқимиз ҳурмат-эътибор кўрсатадиган бунёдкор қурувчиларнинг ҳаммасини ҳам бирдек ҳалол, касбига садоқатли деб бўлмас экан. Улар орасида халқнинг кўзига чўп суқадиган, “эни, бўйи”дан уриб, чўнтагини қаппайтирадиган нопоклари ҳам бор.

“Озодбек қурилиш транс” хусусий корхонасининг раҳбари, Боёвут туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган Отабек Мирзақобилов ана шундай “уддабурон” қурувчилардан чиқиб қолди.

Хўш, бу қурувчи қандай қинғир ишларга қўл урган эканки, кўпнинг “оғзига тушибди”. Тафсилотларга тўхталамиз.

О.Мирзақобилов раҳбарлик қилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришга ихтисослашган “Озодбек  қурилиш транс” хусусий корхонаси бюджет ташкилотлари билан тузилган пудрат шартномаларига асосан 2015-2016 йиллар давомида Боёвут тумани Н.Маҳмудов СИУдаги ҚВП, 3-Боёвут 1/7-бўлим ҚВП, “Навбаҳор” ҚВП, “Муқимий” ҚВП, Боёвут тумани ХТМФМТТЭБ, 1- ва 21-умумий ўрта таълим мактаблари, 18-сонли МТМ ва Боёвут туман давлат ветеринария бўлимлари, жами 9 та бюджет ташкилотлари жорий ва мукаммал қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаради. “Бажаради” деб қўя қолдик. Аслида қурилиш корхонаси бино эгаларининг кўзларини шамғалат қилиб таъмир ишларини чала-чулпа амалга оширади. Бажарилган ишлар ҳақидаги расмий ҳужжат ҳисобланадиган 2-шакл ва 3-шакл ҳисоб-фактура маълумотномаларига эса ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишлари қўшиб ёзилиб, ҳужжатлар сохталаштирилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилинади. Юқорида номлари қайд этилган бюджет ташкилотлари биноларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёнида “Озодбек қурилиш транс” хусусий корхонаси раҳбари Отабек Мирзақобилов мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, жами 19 363 278 сўм миқдордаги давлат маблағини ўз манфаати йўлида ўзлаштириб, талон-тарож қилган. Қурувчиларнинг “қинғир ўйинлари”ни сезмаган ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари эса бинолари таъмирланганидан хурсанд бўлиб, чапак чалиб юраверишган.

Бироқ нияти бузуқ қурувчининг нопок ишлари ошкор бўлди, “ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича” қолмади, очилди. Содир этган жинояти оқибатида судланувчи Отабек Мирзақобиловдан давлатга етказилган зарар тўлиқ ундириб олинди ва қилмишига яраша қонуний жазо тайинланди.

                А.ҚУРБОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди раиси.

You may also like...

Fikr bildirish