ЭСКИ БИНОЛАРГА ЭҲТИЁЖ

Гулистон туманида 18 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд эди. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни  “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 50 ўринли 14-МТМ филиали 75 ўринли алоҳида боғчага айлантирилди. МТМни таъмирлашга 30 миллион сўм маблағ сарфланди.

Бугунги кунда туманда 2050 нафар ўғил-қизни қабул қилиш қувватига эга 19 та МТМ фаолият юритмоқда. Туман мактабгача таълим бўлими мудири Дилмурод Кодирқуловнинг шаҳодат беришича, мавжуд мактабгача таълим муассасаларида 2601 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Ваҳоланки, туман миқёсида мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг сони 4882 нафарни ташкил этади. Бу боғча ёшидаги болаларнинг умумий сонига таққослаганда 53,2 фоизга тенг, дегани. Туманда йил охиригача бу кўрсаткични 58 фоизга етказиш борасида изланишлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда бир фактни алоҳида изоҳлаб ўтишни жоиз деб биламиз. Боғчага жалб қилинган болалар фоизининг ошиб кетишида мактаблар қошида очилган қисқа муддатли гуруҳларнинг тарбияланувчилари сезиларли улуш қўшмоқда. Айни чоқда мазкур гуруҳларга 560 нафар бола жалб этилган. Улар гуруҳларда тўрт соат шуғулланиб, сўнгра уй-уйларига равона бўлишади. Мактабгача таълим муассасларига қамраб олинган болаларнинг 21,1 фоизи шу қора кўзларнинг чекига тўғри келади. Кўриниб турибдики, ҳали туманда боғча ёшидаги болаларни МТМга қамраб олиш бўйича катта ишлар қилиниши керак.

Гапнинг индаллосини айтганда, ҳатто рисоладагидек ишлаб турган мактабгача таълим муассасаларида ҳам айрим жиҳозлар етишмайди. Биргина кроватларни олиб кўрайлик. Туман миқёсида 100 та кроватга эҳтиёж бор. Ҳозирча ота-оналар фарзандлари учун бу жиҳозни уйларидан олиб келишган. Бу биз билган маълумот, холос. Балки боғчаларда бошқа жиҳозларга  ҳам эҳтиёж бордир. Дилмурод Кодиркулов март ойида кроватларга буюртма берилганлигини очиқлади. Шу йилнинг тўртинчи чорагида бу муаммонинг ечилиши кутилмоқда.

Туманнинг “Чортоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Боёвут”, “Навоий”, “Бирлашган”, “Ишонч”, “Зарбдор”, “Ҳамид Олимжон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида умуман мактабгача таълим муассасалари йўқ. Ваҳоланки, мазкур ҳудудларда 1203 нафар мактабгача таълим ёшидаги ўғил-қизлар истиқомат қилишади. Шўролар замонида ушбу жойларда давлат мактабгача таълим муассасалари бўлган. Хусусийлаштириш баҳонасида уларнинг кўпчилиги тадбиркорларга сотиб юборилган. Айрим боғча бинолари бузилиб, ўрни теп-текис бўлиб кетган. Мулкдор мулк меники, билганимни қиламан, қабилида иш тутган. Энг катта камчилик тайёр биноларнинг шошма-шошарлик билан хусусийлаштирилганида, деб ўйлаймиз. Ҳозир бу хато учун ҳеч ким жавоб бермайди, албатта. “Навоий” МФЙ ҳудудидаги боғча биноси сақланиб қолган. Туман мактабгача таълим бўлими мулк эгасини рози қилиб, эски МТМ биносини қайтариб олишга юқори ташкилотларга хат киритган. Худди шундай бино “Чортоқ” ҚФЙ ҳудудида ҳам бор эди. Тадбиркор Муҳайё Мелибоева эски боғча биноси ўрнида 250 ўринли хусусий МТМ очишга бел боғлаган. Банкдан 3 миллиард 200 миллион имтиёзли кредит кўтариб, бун-ёдкорлик ишларини бошлаб юборган. Мазкур қишлоқ  “Обод қишлоқ” дастурига кирган.  Зеро, обод қишлоққа чиройли боғча ярашади.

Президентимиз  кўрсатмасига биноан жойларда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар аста-секин кенг қулоч ёймоқда. Деҳ-қонобод шаҳарчасида тадбиркор Шаҳноза Бойтўраева ўз уйидан 50 ўринли боғча очаяпти. Мустақиллик байрами арафасида янги МТМ шаҳарча болаларига инъом этилади.  Дилрабо Солиева ҳам йил охиригача 100 ўринли  хусусий боғчасини ишга тушириш тадоригини кўраяпти. МТМ биноси бутунлай янгидан қурилмоқда.

Деҳқонобод шаҳарчасида бундан уч йил муқаддам ўз фаолиятини тўхтатган 75 ўринли давлат боғчаси туман ҳокимининг қарори билан қайтадан иш бошлаяпти. 11-МТМнинг филиали бўлган бу маскан мустақил боғча мақомини олмоқда. Пировардида таълим муассасасида 10 та янги ишчи ўрни яратилади.

-Тадбиркорлар ихтиёрида бир вақтлар сотилган яна иккита боғча биноси бор, – дейди туман МТБ эксплуатация хизмати кўрсатиш бўлими бошлиғи Дилмурод Бойтўраев. -Ўша кезларда бу бинолардан тадбиркорлар чойхона сифатида фойдаланишган. Янги боғча биноси қуриш осон эмас. Эски мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаб, ишга тушириш анча енгил кечади. Биз ушбу масалада ҳам эски боғчалар биноларини тадбиркорларни рози қилиб қайтариб олиш борасида тегишли ташкилотларга таклифлар берганмиз.

Ўтган икки йил бадалига учта боғча – 1, 2, 10-МТМ бинолари инвестиция дастурига биноан капитал реконструкциядан чиқарилган эди. Бу боғчаларнинг бинолари йигирманчи асрнинг 70-йилларида қад ростлаган, ўтган давр мобайнида арзирли таъмирлаш ишлари олиб борилмаган эди. Жорий йил эвазига «Бешбулоқ» МФЙ ҳудудидаги 50 ўринли 3-МТМда капитал реконструкция ишлари бошланди. Бу ишни “Гулистон мегастрой” МЧЖ бунёдкорлари жадаллик билан олиб боришмоқда. Эски бинода сувоқ ишлари адоғига етди. Боғча биноси ёнида яна 50 ўринли янги корпус барпо этилади. Натижада боғчанинг қуввати икки бараварга ошади. Бу ишлар жорий йилнинг ноябрь ойигача уддаланиши кутилмоқда. Боз устига,  2019 йилда “Зарбдор” МФЙ ҳудудида янги боғча биноси қурилиши режалаштирилган. Мазкур объект инвестиция дастурига киритилган. Ўша йили «Оқолтин» МФЙ ҳудудидаги 8-МТМ ҳам капитал реконструкциядан чиқарилиши кутилмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги 11 та боғча биноларининг жорий таъмири учун маҳаллий бюджетдан 609 миллион сўм маблағ ажратилаётир. Ушбу маблағ эвазига МТМ биноларининг том қисмлари, қозонхоналари, ички қувурлари, эшик-деразалари эпақага келтирилади. Бундан ташқари, тумандаги 13, 15 ва 17-мактабгача таълим муассасаларининг иссиқлик тизими “Национальная энергосберегающая компания” (Миллий энергия сақловчи конпания) АЖ томонидан кўмир, газ ва электр энергияси эвазига ишлайдиган тежамкор тизимга ўтказилмоқда.

Туман ва шаҳарларда мактабгача таълим бўлимларининг иш бошлаганига анчагина вақт ўтди. Мазкур тузилманинг Гулистон туман бўлимига Деҳқонобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносидан бешта хона ажратилган. Бўлимнинг қандай ишлаётганлигини фойедаги кўргазмали воситалардан ҳам билса бўлади. “Ойнинг “Энг намунали машғулот ишланмаси”  тахтасининг хатжилдлари бўшаб ётибди. Қани, бу ерда бошқа боғчаларнинг тарбиячилари ибрат оладиган машғулотлар ишланмалари? Қолаверса, залга илинган кўпгина кўргазмали воситалар имло хатолари билан ёзилган. Таълим масканида саводсизликка беэътиборлик кечириб бўлмайдиган ҳолатдир.

Президентимиз зикр этганларидек, бола камолотида мактабгача таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Бас, шундай экан, бу тизимни ривожлантиришга маҳаллий ҳокимликлардан тортиб юқори давлат идораларигача барча-барча масъулдир.

                   Муҳаммадали АҲМАД.

 

You may also like...

Fikr bildirish