ЭЛ СОҒЛИГИНИ ЭМАС, ЧЎНТАГИНИ ЎЙЛАГАНЛАР

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли хасталикларнинг олдини олиш, дори-дармонларга бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланиб қолди. Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бу борада қабул қилинган қатор ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш юзасидан саъй-ҳаракатлар қилинаётган пайтда айрим кимсаларнинг қабиҳ ишларга қўл ураётгани, яъни сертификати йўқ, сифатсиз дори-дармонларни ноқонуний тарзда четдан олиб келиш, сотиш, тарқатиш билан шуғулланаётгани дилни хира қилади.

1963 йилда туғилган, олий маълумотли, оилали, икки нафар фарзанднинг онаси Тошкент шаҳар Миробод тумани, “Салар” маҳалласида яшовчи Муқаддас Меҳмоновна Ахунова ҳамтовоқлари билан бир гуруҳга бирлашиб, ана шундай жиноятга қўл урган. Дори воситалари билан савдо қилиш учун махсус рухсатномага эга бўлмаган бу шахс кўп миқдордаги сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини харидорларга ўтказиш мақсадида 2017 йил октябрь ойига қадар ўз хонадонида сақлаб келган. М.Ахунова ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ҳамда ўзбек тилига маркировка қилинмаган жами нархи 93 миллион сўмликдан зиёд бўлган дори воситаларини 2017 йили 13 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Шимолий шоҳбекати олдида фуқаро П.Саденов орқали Қорақалпоғистон Республикасидаги таниши – Гавҳар исмли аёлга сотмоқчи бўлган. П.Саденов ўз автомашинасида ушбу дори воситаларини манзилга етказиб бериш учун олиб кетаётганида гуруҳнинг хуфя ишлари ошкор этилган. М.Ахунованинг хўжалик сумкасига жойланган дорилар Тошкент шаҳрининг Шимолий шоҳбекатида холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилган.

М.Ахуновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 186(3)-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖК 57-моддаси қўлланилиб, 2 йил озодликдан чеклаш жазоси, ЖК 190-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Дорифуруш кимса ушбу сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний тарзда сотиб, мўмайгина даромад қилишни режалаштирган эди. Афсуски, бу қилмиши унга қимматга тушди. Қонунбузар аёл даромад қилиш ўрнига аксинча, чўнтагидан шунча маблағнинг беҳуда чиқиб кетишига ўзи сабабчи бўлди. Агар ушбу дори воситалари турли хасталиклар билан оғриган беморлар қўлига етиб борганида ва ножўя таъсир кўрсатганида нима бўлар эди? Яхши хамки, бунинг олди олинди.

М.Ахунова ўйламай (балки ўйлагандир, лекин киссасига тушадиган кўп миқдордаги пул унинг тинчини бузган) қилган иши учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.

Яна шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига кўра дорифурушлик билан шуғулланаётган гуруҳ томонидан ноқонуний тарзда сотилмоқчи, тарқатилмоқчи бўлган бир неча турдаги дори воситаларининг (масалан: “Гонадотропин Хронический 500 ме”, “Гонадотропин Хронический 100 млг”, “Филипсин ретард” ва бошқа қимматбаҳо дорилар) сотилиши тақиқланганлиги, тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилмаганлиги аёндир. Уларнинг инсон ҳаёти ва соғлигига самараси кафолатланмаганлигини била туриб, қинғир йўлни тутиш бу қонунга зиддир.

Шундан кўриниб турибдики, юқорида номлари қайд этилган дорифуруш гуруҳ аъзолари инсон ҳаёти ва саломатлигининг кушандалари ҳисобланадилар.

ҲАМРОҲ.

You may also like...

Fikr bildirish