ТИЗИМДА ТАРТИБ ЎРНАТИЛМОҚДА

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5059-сонли Фармони ва соҳага доир бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган таҳлилларда вилоят ҳудудий электр таъминоти корхонаси ва унинг тизимидаги корхоналар фаолиятида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.

Фармоннинг 7-бандида “Ўзбек-энерго” АЖга тузилган шартномаларга мувофиқ истеъмолчиларга энергия ресурслари етказиб бериш, сотилган энергия ресурслари ҳажми ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш каби вазифалар юклатилган. Бироқ, электр таъминоти корхоналарининг айрим ходимлари юқоридаги фармон талабларига зид равишда хизмат вазифаларини бажариш даврида таъмагирлик, фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш орқали электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилишига йўл қўйиб келаётганликлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилмоқда. Хусусан, Ховос туман электр таъминоти корхонаси 1-комплекс бригада бошлиғи вазифасида ишлаб келган З.Сайитов фуқаро М.Сулаймоновнинг тегирмонида  истеъмол қилинган 12,6 миллион сўм миқдорда қарздорлиги тўланмаганлиги учун 2016 йил бошларида тармоқдан узилган бўлса-да, ундан ҳар ойда 250 минг сўм пул маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, тегирмонни ишлатиш учун рухсат бериб келган. Ёки Гулистон шаҳар ЭТКда бригада назоратчиси вазифасида ишлаган Қ.Умаров фуқаро Н.Куранованинг қоидабузарлик оқибатида вужудга келган қарздорлигини ёпиб бериш эвазига унинг 1 365 000 сўм миқдордаги пули ва нархи 500 000 сўмлик велосипедини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, унга сохта хатлов далолатномасини тақдим этган.

Гулистон шаҳар ЭТКда назоратчи электромонтёр вазифасида ишлаган И.Норбаев фуқаро Х.Абдураҳмоновага электр ҳисоблагич ўрнатиб беришни ваъда қилиб, унинг 354 000 сўм миқдордаги пулини, назоратчи электромонтёр вазифасида ишлаган Б.Сарикулов фуқаро А.Равшановга электр энергиясидан қарздорлигини ёпиб беришни ваъда қилиб, унинг 200 000 сўм пулларини олган. Шунингдек, агент электромонтёр вазифасида ишлаган З.Сапарбеков фуқаро Н.Давлатованинг электр ҳисоблагичи назорат тамғаси бузилганлиги боис унга жарима қўлламасликни ваъда қилиб, 500 000 сўм миқдордаги пулини, Мирзаобод туман ЭТК назоратчиси Б.Акбаров фуқаро М.Холбекованинг электр энергиясидан бўлган қарздорлигини ёпиб беришни ваъда қилиб, унинг 480 000 сўм миқдордаги пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги сабабли, уларга нисбатан Жиноят кодекси 168-моддасининг турли қисмлари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Сирдарё туман ЭТК  ходимлари томонидан 06.05.2017 йилда “Малик” СИУ электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиб, 50.827.392 сўм миқдорда зарар етказилганлиги аниқланган. Лекин ўз вазифаларига совуққонлик билан қараб, етказилган зарарни ундириш борасида қонунда белгиланган чораларни кўрмаган. Бундан ташқари, Гулистон шаҳар ЭТК ходими Ш.Эргашев Вазирлар Маҳкамасининг 22.08.2009 йилдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиядан фойдаланиш қоидалари”нинг 45-банди талабларини бузиб, фуқаро Ш.Раҳматовга тегишли объектга сертификати бўлмаган электр ҳисоблагични назорат муҳрисиз ўрнатиб, истеъмолчини техник шартсиз электр энергиясидан фойдаланишга йўл қўйганлиги учун маъмурий жазога тортилган.

Қилмиш-қидирмиш, дейдилар. Масъул вазифадаги ҳар бир киши ўз бурчини ҳалол ўтаса, шаънига ҳеч қачон доғ туширмайди.

             Азиз ЭСИРГАПОВ,

МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи

ўринбосари, адлия маслаҳатчиси.

You may also like...

Fikr bildirish