ТОЗАЛИККА БАРЧА БИРДЕК МАСЪУЛ

Оилада табиатга меҳр уйғотиш аксарият ҳолатларда йўқлиги, ўқув муассасаларида мазкур йўналишлардаги фанлар учун оз дарс соатлари ажратилганлиги, аҳоли пунктларига ахлат қутиларининг етарлича ўрнатилмаганлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш пастлиги, заҳарли кимёвий моддаларга эга маиший чиқиндиларни қолаверса, қайта ишлаш ва утилизация қилиш талаб даражасида эмаслиги ушбу муаммонинг ечими мушкуллашишига олиб келмоқда.

Юқоридаги ҳолат бўйича Оқолтин туманидаги Фарғона шаҳарчаси мисолида тўхталиб ўтсак. Ачинарлиси шундаки, Фарғона шаҳарчаси туман марказидан узоқ бўлмаса-да, бу ерда маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаяпти. Шаҳарчада истиқомат қилувчи аҳолининнг бу борадаги маданияти анча паст. Маиший чиқиндиларни фуқаролар ўзбошимчалик билан ўзлари хоҳлаган жойга ташлаб кетиш ҳолатини кузатиш мумкин. Зилол сув кўчасининг орқа томонидаги кўча фуқаролар учун расмана чиқиндихона айланган. Шу кўчада истиқомат қилувчи аҳоли молхоналаридаги гўнгни чиқариш билан бирга маиший ва саноат чиқиндиларни ҳам уйиб ташлашган. Шаҳарчага ҳафтада бир маротаба “Тоза ҳудуд” ДУКнинг чиқинди ташиш техникаси хизмат кўрсатади. Аммо аҳоли махсус чиқинди учун келадиган машинага чиқиндаларни олиб чиқмасдан, кўчанинг орт қисмига ташлашни одат қилиб олган. Бу ерда тўпланган чиқиндилар шу ерда яшовчи фуқароларнинг айтишича, қарийб 30 йилдан буён олиб чиқиб кетилмаган.

Аҳоли орасида эко маданиятни шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 7-8  февраль кунлари Фарғона шахарчаси Зилол сув кўчаси орқа томонидаги чиқинди ва мол гўнгларини олиб чиқиб кетиш учун вилоятдаги “Тоза ҳудуд” ДУКнинг туманлардаги техникалари жалб этилди. Ҳашарга сафарбар этилган замонавий техникалар ҳам бу чиқиндихоналар олдида ожиз бўлиб қолди. Сабаби, чиқиндилар йиллар давомида тўпланиши натижасида тош-метинга айланиб кетган. Боз устига, аҳоли томонидан ноқонуний қурилган иншоотлар (молхона, товуқхона, омборхона, ҳожатхона ва х.к) техникаларнинг кириб, чиқишига катта ноқулайлик туғдирди.

Афсуски, бундай ҳолатларни вилоятинг барча туман ва шахарларида ҳам кузатиш мумкин.

Табиат ва атроф-муҳит тозалиги, озодалиги ва санитария талабларига жавоб бериш, аввало, экологияга, қолаверса, инсон саломатлигига фойдали. Шундай экан, атроф-муҳитни ва табиий экотизимни муҳофаза қилиш нафақат соҳа ходимлари, балки, барчамизнинг бурчимиз ҳисобланишини асло унутмайлик.

 

Суннатилла ИСЛОМОВ,

Сирдарё вилояти экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи.

You may also like...

Fikr bildirish