САЛОМ БЕРАМИЗ-У АЛИК ОЛМАЙСИЗ…

Ўзбек халқи азал-азалдан қадим қадриятлари, миллий урф-одатлари, маданияти, ширин каломи-ю, меҳмондўстлиги билан бутун дунёга ўрнак бўлиб келмоқда. Айниқса, кўча-кўйда, маҳалла-ю гузарларда бир-бирларини кўриб қолишганида қўлини кўксига қўйиб: “Ассалому алайкум!” дейишади. Ҳатто етти ёт бегоналарга ҳам шундай салом беришлари халқимизнинг бағрикенглиги ва серсаломлигидан далолат беради. Салом бермоқ қандай буюк фазилат эканлиги динимизда ҳам таъкидланган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) таниган ва танимаганга салом беришни энг яхши хислатлар сирасига киритганлар. Ҳадис илмининг султони ҳисобланмиш ал-Бухорий ҳазратлари саломлашиш ҳақида “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобида қуйидаги ҳадисни келтирганлар: “Учта хислатни ўзида мужассам қилган кишининг имони мукаммал бўлғайдир: инсофли ва адолатли бўлмоқ, барчага салом бермоқ ва камбағаллигида ҳам садақа бериб турмоқ”.

Қаранг, муқаддас динимизнинг ўзи ҳам салом беришни энг яхши хислатлар сафига қўшмоқда. Шундай экан, инсонларнинг барчаси “Ассалому алайкум!” сўзларини қалбларида мужассам этишлари лозим. Хўш, бугунги кунда кишилар салом беришга қандай қарашмоқда? Кўпинча катталар ёшларни салом бермасликда, ёшлар эса катталарни алик олмасликда айблашади. Аммо саломлашиш ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини унутишмоқда. Саломлашиш орқали инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабати янада мустаҳкамланади. Шунинг учун тўғри салом беришни ва алик олишни канда қилмайлик. Келинг, азизлар, саломлашиш маданиятини сиз билан биз энг юқори чўққиларга олиб чиқайлик. Зеро, маданиятли инсон халқнинг таянчи, маданиятли халқ эса дунё кўрки ҳисобланишини асло унутмайлик.

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ.

You may also like...

Fikr bildirish