ИНТИЛГАНГА ТОЛЕ ЁР

Жавлонбек Ҳамдамов 1997 йилда Гулистон шаҳрида таваллуд топган. Бошланғич таълимни хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактабинтернатида олиб, сўнгра Гулистон давлат университети қошидаги 1-академик лицейда ўқишни давом эттирган. Билимга чанқоқ, интилувчан Жавлонбек ҳозирда Тошкент педиатрия тиббиёт инситутининг 3-босқич талабаси. Шунингдек, у ёшлигидан спортнинг каратэ тури билан шуғулланиб келади. Бу борада эришган ютуқлари эвазига истеъдодли спортчимиз шу йили Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан жорий қилинганМард ўғлонДавлат мукофотига биринчилардан бўлиб сазовор бўлди.

 Тиббиёт ва спорт

Ёшлигимдан тиббиёт соҳасига қизиқиб келганман. Тиббиётнинг сир-асрорлари мени доим ўзига тортади. Мактабда ўқиб юрган чоғимдан қизиқишимни рўёбга чиқариш мақсадида биология фанидан билим олишимга катта эътибор қаратганман. Биология фанидан  “Билимлар беллашуви”да 1-ўринни эгалладим ва шундан сўнг кетма-кет  2013-2015 йилларда коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадасида ғолибликни кўлга киритдим. Ушбу муваффақиятларим  мени тиббиёт соҳасига қўйган ишончли қадамим бўлди, десам, адашмаган бўламан.

Спорт ҳам ҳаётимнинг ажралмас бир бўлагига айланган. Бу соҳага кириб келишим ҳақида айтадиган бўлсам, 6 ёшлигимда телевидение орқали намо-йиш қилинган спортчилар ҳақидаги бир кўрсатувдан кейин менда қизиқиш бошланган. Ота-онамга бу ҳақида айтиб, “Қувонч” мактабида фаолият юритадиган каратэ тўгарагига борганман. Менда ўша ондан чемпион бўлиш орзуси туғилган. Шукурлар бўлсинки, ҳозирда ёшликдаги орзуларим рўёбга чиқмоқда.

Китобнинг

ТАФАККУРИМдаги ўрни

Бўш вақтларимда китоб ўқишни яхши кўраман. Бугун бу эътиборга, ҳурматга, билимга эга бўлишимда китобнинг ўрни беқиёс деб ўйлайман. Бадиий китоблар билан бирга кўпроқ психологик китоблар мутолаа қилишни ёқтираман. Улардан ўзимга кўплаб билим ва тушунча оламан. Айниқса, Эрик Леннард, Даниел Големан, Эдвар де Боно, Дейл Карнеги асарларини мунтазам ўқийман. Ўзбек адабиётининг нозик қирралари ҳам мени ўзига тортади. Ўзбек ҳикоячилигининг отаси ҳисобланадиган Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоялари ёқади. Мутолаа инсон тафаккурини, дунёқарашини кенгайтиради, дейдилар. Дарҳақиқат, билим олишга, илм ўрганишга бўлган интилишим натижасида инглиз ва рус тилларида  мақолалар ёзаман. Ҳозиргача тиббиётга оид, 2017 йил 15 апрелда  Москва шаҳрида бўлиб ўтган  “Научные исследования: ключевые проблемы III тысячилетия” номли анжуманда иштирок этдим ва “Реколатинских заимствований и их становление в медицинской терминологии”  сарлавҳали илмий мақолам чоп этилди. Австриянинг Вена шаҳрида витаминларнинг организмдаги аҳамияти тўғрисида инглиз тилидаги мақолам  чиқди.

Идеал инсонлардан оладиган куч

Ҳаётда ҳар бир инсонниг идеали, барча хислатлари билан одамни ўзига тортадиган шахси бўлади. Ҳаётда шундай икки кишим бор. Улар мен учун бир бутунлик, комилликни менга кўрсатган ягона инсонлардир. Дадам тадбиркор, Онам биология фанлари доктори, мен улар билан жуда фахрланаман. Улар кўрсатган тўғри йўл бугун катта-катта орзуларимга қанот бўлмоқда.

Спорт бу—ҳаётим

Машғулотларда Рустам Ҳамроев, Акмал Бобомуродов, Дмитрий Пак, Бахтиёр Исмоилов каби устозларимдан олган сабоқларим мени спорт оламига олиб кирди. Илк бор 7 ёшимда Гулистон шаҳар очиқ чемпионатида иштирок этганман. Унда мағлуб бўлганман, аммо ушбу мусобақа менга катта куч берган. Тинимсиз меҳнатим натижасида шу кунгача кўплаб ютуқларга эришдим. Жумладан, 2009 йил Ўзбекистон очиқ чемпионатида 1-ўринни, 2011 йил Ўзбекистон кубогида фахрли ўринни олдим. 2012 йил Халқаро Taekwon-Do (ITF)  федерацияси президенти Chang Ungнинг Уз-1-761 рақамли халқаро тоифадаги 1-дан қора белбоғ соҳиби бўлдим. Шунингдек, Сочи шаҳрида бўлиб ўтган  ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирда 1-ўринни эгалладим. 2016 йилда Осиё биринчилигида ҳамда Белоруссия давлатида бўлиб ўтган жаҳон кубогида 1-ўринларга муносиб деб топилдим. Жасорат туйғуси спорт орқали мени қамраб олган. Спорт туфайли ҳаётимда энг эсда қоларли воқеа туғилган кунимда бўлган. Ўшанда машғулотлар залига кирганимда устозим Рустам Ҳамроев ўзининг биринчи жаҳон  чемпионатида олган медалини менга совға қилган эди. Мана шу воқеа бир умр эсимда қоладиган воқеа ва совға бўлган.

          Гулчирой ИСОҚОВА ёзиб олди.

You may also like...

Fikr bildirish