“НУРАФШОН”  ҚАЧОН НУРАФШОН ГЎШАГА АЙЛАНАДИ?

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилиб, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ҳал этилмоқда. Буларнинг самарасида қишлоқларимиз янада обод бўлиб, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиб бораётир. Шу маънода Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ва шу асосда қабул қилинган “Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоятида жорий йилнинг ўзида ҳар бир туманда иккитадан қишлоқни обод манзилларга айлантиришнинг катта мақсад қилиб қўйилганлиги ҳам одамларни рози қилиш, уларга муносиб турмуш  шароити яратиш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан далолат беради.

Мирзаобод туманида “Обод қишлоқ” дастурига киритилган “Нурафшон” маҳалла фуқаролар  йиғинидаги 9 та қишлоқ ва марказий қўрғондаги 7 та кўчада 4461 нафар аҳоли истиқомат  қилади. Ҳудудда “Обод  қишлоқ” дастури бўйича амалга оширилаётган ишлар “Тоза удуд” биноси ёнидаги штабда мониторинг қилиб борилади. Дастур  доирасида Беруний қишлоғидаги якка тартибдаги уй-жойларнинг том, фасад қисми, дарвозаларини, пиёдалар  йўлакларини таъмирлаш, кўча чироқлари (диод лампалар) ўрнатиш, ичимлик сув қувурларини тортиш, ички йўлларни  реконструкция қилиш, электр узатиш тармоқларини  созлаш, марказий қўрғондаги 7-сонли умумий ўрта таълим  мактаби, 14-сонли мактабгача таълим муассасаси ва 13-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасини таъмирлаш, савдо шохобчаси (гузар), маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ҳаммом қуришдек улуғвор ишларни амалга ошириш белгиланган.

Лойиҳалар тасдиқланиб, маблағлар ҳал этилган бўлса-да, қишлоқда қурилиш, ободонлаштириш ишлари жуда сусткашлик билан давом эттирилмоқда. Қишлоқда 12,3 километрлик ички йўлларни созлаш кўзда тутилгани ҳолда Олмачи қишлоғининг биринчи кўчасида 800 метрлик, иккинчи кўчасида 850 метр узунликдаги ва Амиробод кўчасида 850 метрлик текислаш, тош тўкиш ишлари, М.Улуғбек кўчасида эса 115 метрлик масофада бетонлаш ишлари бажарилди, холос.

Олмачи қишлоғидаги 25 та хонадонда 154 нафар аҳоли яшайди. Беруний қишлоғининг юқори ҳудудида  артезиан қудуқдан бир  жойга сув чиқариб  қўйилганлиги сабабли ушбу қишлоқдаги ва  Наврўз қишлоғидаги одамлар 1 километр жойдан, Найман қишлоғи аҳолиси 500 -600 метр  узоқдан, Беруний қишлоғининг чекка кўчаларидаги аҳоли 600- 700 метрлик масофадан эшак аравада ташиб, сув  ичишмоқда.

-Кўчаларга сув қувури тортилиб, қишлоқларингиз жуда обод бўлади, дейишганди, -дейди Беруний қишлоғи Улуғбек кўчасида яшовчи уй бекаси Раҳима Самандарова.- Қурилиш, ободонлаштириш ишлари бошланганига бир  ойдан ошдики, сувдан ҳам, сув қувурлари тортадиган қурувчилардан ҳам дарак йўқ. Эски ҳаммом, эски тос, деганларидек, фарзандларим билан қишлоқнинг энг чеккасидаги артезиан қудуқдан эшак аравада қийналиб сув  ташияпман.

Ичимлик сув масаласи ҳалигача ҳал этилмаганлиги қишлоқда қурилиш, бунёдкорлик ишларини олиб бораётган  қурувчилар ишини ҳам орқага сураяпти. Одамлар  ёзнинг шундай жазирамасида ичимлик сув излаб, сарсон-саргардон  бўлишмоқда.

-Қурувчиларимиз дастлабки кунлари канал сувини ичиб, касал бўлиб қолишди, -дейди қишлоқдаги 14-сонли  мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш ишларини олиб бораётган “Ҳазорасп Идеал Сервич” масъулияти  чекланган жамиятининг ишюритувчи Нормамат  Ҳусанов. -Ҳеч иложини тополмагач бир бочка тўла ичимлик сувини 50  минг сўмга сотиб олдик. Ҳозир қурилиш ишларига ҳам,  истеъмолга ҳам шу сувдан фойдаланаяпмиз.

Ажабланарли жиҳати, қишлоқдаги 13-сонли оилавий поликлиника, 14 -сонли мактабгача таълим муассасаси ва 7-сонли умумий ўрта таълим мактабларига ичимлик сув қувури тортиш, сув олиб келиш лойиҳага киритилмаган. Мактаб, боғча, оилавий поликлиника раҳбарлари ҳам бундан ҳайрон. Муҳим ижтимоий инфратузилма объектлари  ўқувчилари, тарбияланувчилари, поликлиника  даволанувчилари ёзнинг жазирамаси, қишнинг қаҳратон кунларида изиллаб сув излаб юрса-ю қишлоқнинг  ободлиги қаерда қолди?! Келажагимиз эгаларининг соғлиги, эртанги тақдирига ким жавоб беради? “Нурафшон”ни обод этажакмиз, деб дастурни тузган “валломат”лар нега  масаланинг бу жиҳатларини эътиборга олмади  эканлар?

Қўрғонда 42 та икки қаватли, 51 та коттеж уйлар бор. Икки қаватли уйларни таъмирлаш, созлаш бўйича ҳали бирорта жўяли иш қилинмаган. Боғчада шиферларни, эшик-деразаларни бузиш ишлари эндигина тугалланган. 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида 1 миллиард 348 миллион  сўмлик таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Қурувчиларнинг беқарорлиги  туфайли биринчи қурилиш ташкилоти ишни абгор ҳолда ташлаб кетиб, ўрнига “Янгиер Редголд” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари таъмирлаш ишларини ўз зиммаларига олишган.

Тўйчи ота қишлоғини Гулистон шаҳри билан  боғловчи 2 километрлик йўлни таъмирлаш икки йилдан бери аччиқ ичакдек чўзилиб ётибди. Қишлоқ оқсоқоллари шу ҳудуддан сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Анорқул Бойбековга бир неча бор мурожаат  қилишди. Халқ ноиби аввалига депутат сўрови билан чиқиб, бу масалани ҳал этишга дадиллик билан киришгандек бўлди. Ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида йўлга тош ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. Йўлнинг 800 метридан зиёдига тош ётқизилди-ю бошланган иш яна ўлда-жўлдалигича қолиб  кетди. Шу тариққа бу масъулиятни бўйнига олган депутат А.Бойбеков ўз сайловчилари билан қайта учраша олмай юзи шувутлигича юрибди.

Мирзаобод туманининг айрим қишлоқларида шундай муаммолар бўлганида “ҳа, энди ҳаммаси изга тушиб кетади”, деб кўнглингиз хотиржам тортиши мумкин эди. Афсуски, бундай эмас. Туманнинг “Ойдин” маҳалласи аҳолиси ҳам ичимлик сув қувурлари тортилмаганлиги оқибатида ярим километр узоқликдан сувни турли уловларда ташиб истеъмол қилишаяпти. Ёзнинг жазирама кунларида бундан, айниқса, қариялар қаттиқ азият чекаяпти.

Туман мутасаддилари эса қишлоқлардаги бу муаммоларни кўра-била туриб, уларни ҳал этишга ҳамон  панжа орасидан қараб келишмоқда. Хуш, шундай экан, “Нурафшон” маҳалласи, Мирзаободнинг чекка қишлоқлари қачон обод манзилларга айланади?

 

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,

Суратда: Беруний қишлоғида эшак аравада

сув ташиётган уй бекасини кўриб турибсиз.

Муаллиф  олган  суратлар.

 

 

 

 

You may also like...

Fikr bildirish