ҲАР ТУПДА 3-4 ТАДАН КЎСАК

Жорий йилда 1030 гектар майдонда ғўза ўстираётган “Бешбулоқ” сув истеъмолчилари уюшмаси пахтакорлари ҳозиргача қатор ораларига тўрт марта ишлов бердилар. Кейинги культивация даврида гектарига 350 килограммдан азотли ўғитнинг эгатларга солинганлиги ғўзаларнинг озуқага тўйиниб, янада баравж ўсишини таъминлайди. Ўғитдан кейин берилган сув эса ғўзадаги чанқоқликни бартараф этиш билан бирга озуқанинг экин илдизига меъёрида етиб боришида муҳим аҳамият касб этаётир. Айни вақтда уюшмада ғўзани ўғитлаш тугатилиб, суғориш ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Сув танқислиги сезилган чекка ҳудуддаги фермер хўжаликларида ариқ суви билан зовур сувини аралаштириб тараш тажрибаси амалиётда кенг қўлланилмоқда. Буларнинг натижасида уюшмада кунига 45-50 гектар майдондаги ғўзалар қондириб суғорилаяпти.

—Сув ғўзанинг қони, – дейди уюшма бош ҳосилоти Рашиджон Усанов. – Ўғитдан кейин берилган сув экиннинг янада яшнаб, гулга гул, кўсакка кўсак қўшилишини таъмин этаяпти. Суғоришда 65 фоиз дарё суви, 35 фоиз зовур сувидан фойдаланаяпмиз. Омилкорона олиб борилаётган тадбирлар натижасида ҳар тупда 2-3 тадан кўсак ҳосил қилинди. Июль ойи охиригача ҳар тупдаги кўсаклар сонини 7-8 тага етказиш учун парваришни бирор кун ҳам сусайтирмаймиз.

Уюшманинг “Ғазначилик Шерали Жўра”, “Исматулла ота”, “Музаффар Ғайбуллаев нияти”, “Нурли диёр юлдузи” фермер хўжаликларида ҳар тупда 3-4 тадан кўсак юз кўрсатди. Культивация, суғориш ва ҳашаротларга қарши курашни бўшаштирмаётган пахтакорлар эндиликда суспензия сепиш тадбирини ҳам уюшқоқлик билан давом эттирмоқдалар.

Б.ҲОШИМОВ.

You may also like...

Fikr bildirish