УДДАБУРОНЛИГИ ҚИММАТГА ТУШДИ

Бугунги кунда замондошларимиз, айниқса, ёшларнинг янги ахборот технологиялари, компьютер, интернет ва бошқа замонавий алоқа воситаларини пухта ўзлаштираётганликларидан фақат қувониш керак. Лекин қўлимдан ҳамма нарса келади деб,  ўзгаларнинг найрангларига учиб, ноқонуний пул топишни касб қилиб олган  кимсаларнинг хатти-ҳаракатлари кишини ранжитади.

1985 йили Гулистон шаҳрида туғилган, ўрта-махсус маълумотли, оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси, Гулистон шаҳридаги “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи, муқаддам судланган, Тохир Дулкинбаевич Хазгалеевнинг компьютер бўйича “билимдонлиги ва уддабуронлиги” ўзига қимматга тушди.

Т.Хазгалеев ахборотлаштириш қоидаларини бузган ҳолда номаълум шахслар томонидан тақдим этилган модем қурилмалари, қора рангли “HP” русумли тизимли блок, компьютер ҳамда алоқа воситасига тегишли бошқа қисмларни ўзининг яшаш уйига ўрнатиб,  (ўзга кимсалар томонидан берилган буюртмаларни бажариш учун) улардан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. Унинг айрим номаълум шахслар томонидан берилган  топшириқларни бажариш мақсадида давлат манфаатларига жиддий зиён етказган ҳолда содир этган жинояти 2017 йил 30 ноябрь куни ҳуқуқни маҳофаза  қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида аниқланган.

Т.Хазгалеев суд мажлисида ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўзининг ноқонуний ҳаракатларига қуйидачига изоҳ берган: 2017 йил у ўзининг яшаш манзилида шахсий компьютерида модем мосламаси ёрдамида, уйидаги 0367 227-51-26 рақамли телефон орқали Ўзбекистоннинг www.olx.uz. сайтига кириб, ўзига иш қидирган. Тизимдаги номаълум талабгор томонидан унга  роутер аппарати ўрнатилиб, иш билан таъминланган, сўнгра электрон почтаси орқали  маълумотлар берилган. Кейинчалик  иш берувчи кимсалар у билан интернет  орқали мулоқотда бўлишганида қўшимча компьютер қурилмаларини юборишлари,  ҳар ойда хизмати эвазига 150 АҚШ доллари миқдорида ойлик иш ҳақи тўлашларини билдиришган. Турган гап, Т.Хазгалеев бу таклифга розилик билдирган. Орадан бир неча кун ўтгач унга почта орқали қутига ўралган миникомпьютер қурилмаси келган. (Кейинроқ эса иш берувчи томонидан яна бир қурилма юборилган). Т.Хазгалеев янги қурилмаларни ўрнатиб, халқаро алоқалар фаолиятини амалга оширгани учун  юқорида ваъда  қилинган пул (150 АҚШ доллар) интернет орқали унинг ҳисобига  келиб тушган.

Айнан шу ноқонуний ҳолат  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан фош этилган.

Т.Хазгалеев юқорида тилга олинган қурилмаларни юборган шахсларнинг кимлигини билмаганлиги, бу воқеалардан оила аъзолари бехабар эканлигини айтган, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини таъкидлаб,  суддан қонуний енгиллик  сўраган.

Гувоҳларнинг берган кўрсатмаларига кўра судланувчининг жинояти ўз тасдиғини топган.

Т.Хазгалеев Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,25,278. 1-моддасининг 1 қисми билан айбдор деб топилди ҳамда унга тегишли жазо (энг кам иш ҳақининг 30 баробар миқдорида жарима) тайинланди. Жиноятни содир этган шахснинг уйидан топилган ашёвий далиллар – унга юборилган алоқа  воситалари давлат эгалигига (ҳисобига) ўтказилган.

Кўриниб турибдики, Т.Хазгалеев  ушбу  жиноятни билиб, тушуниб, оқибатини англаб содир этган. Лекин уйда ўтириб, пул ишлаб топиш мумкинлиги унга тинчлик бермаган. Бошқача қилиб айтганда, уни “шайтон йўлдан урган”. Бу ўзбошимчалик, нафс балоси унга анча қимматга тушди, қўлига теккан маблағ бир неча баробар бўлиб чиқиб кетди. Шуни айтадилар-да, қилмиш-қидирмиш, деб.

ХОЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish