ГУЛИСТОНЛИКЛАР  ВИЛОЯТДА БИРИНЧИ!

Пиллачиликда янги агротехнологияларни самарали қўллаётган, нав саралигига алоҳида эътибор бераётган “Гулистонагропилла”  масъулияти чекланган жамияти  “кумуш  тола” ижодкорлари бу йил катта ютуқларни қўлга киритдилар. Хориждан келтирилиб, жонлантирилган  ипак қуртлари 800 та  звенода парвариш қилинди. Туманда ипак қурти  озуқа базасининг мустаҳкамланганлиги мавсумни кўнгилли ўтказиш, ҳар қутисидан 60-70 килограммдан ошириб сархил пилла олиш  имконини берди. Эътиборлиси, жорий йилнинг ўзида барг берадиган тутзорлар туманда 200 гектарга  етказилди. Бундан ташқари, йўл ёқалари, ариқларнинг бўйлари, дала четларидаги 90 минг туп қатор тутлардан  ҳам мўл барг олинди.

“Агроглобал” корхонаси томонидан пиллачиларнинг рағбатлантириб, бу йилги мавсумда меҳнатга яраша ҳақ тўлаш тизимининг жорий этилганлиги ипак қурти  боқувчиларни янги марралар  сари руҳлантирди. Мавсум  бошида уларга ҳар қутиси учун 1 қопдан ун, 5 литрдан пахта ёғи тарқатилган бўлса, ҳосилни териб, топшириш даврида тарозидан ўтган 1 килограмм хом ашёга 15 минг  сўмдан ҳақ  тўланди.

Моддий рағбат иш-га қанот, дейдилар. Туман пиллакорлари матонатли меҳнат қилиб,  вилоятда  биринчи бўлиб давлатга пилла сотиш шартнома режаларини ошириб бажардилар. Қабул масканига 60 тонна сара “кумуш тола” армуғон  этилди. “Лобар орзуси”, “Янги зафар”,  “Янгилик”, “Аланга”, “Элбек” фермер хўжаликларининг пиллакорлари ҳар қутисидан 60-70 килограммдан  қимматли хом ашё йиғиб-териб  олишди.

Илғор  пиллакор Санобар  Усмонова бу йилги мавсумда 12 қути ипак қуртининг  ҳар  қутисидан 60 килограммдан ҳосил топширди.

—Пиллакорлар  меҳнати ҳеч қачон бу йилгидек қадрланмаганди, – дейди моҳир пиллакор Санобар Усмонова. — Топширган пилламизга тарозининг ўзида иш ҳақи нақд тўлаб  борилди. Ҳалол  меҳнат  қилган одам кам  бўлмас  экан. Бу йилнинг ўзида топширган пилламизга  10  миллион сўмдан ошиқ пул олдим. Икки ой ичида шунча пулга эга бўлиш бирор инсоннинг тушига ҳам кирмайди. Боз устига ўтган йилдан бошлаб меҳнат дафтарчаси очилиб, бир мавсумда ипак қурти боққан пиллакорга бир йиллик меҳнат стажи тўлиқ ёзиб борилиши жорий қилинди. Берилаётган имтиёз уларнинг нафақага чиқишида ҳам жуда асқотади.

— Хориждан келтирилган навлар ипак қуртларини уч босқичда боқиш имконини беради, – дейди “Гулистонагропилла” масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари   Воҳиджон  Обиджонов. — Шу сабабли июль  ойида 100 қути, август ойида ҳам 100 қути ипак қурти боқишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Ўтган йили икки босқичда ипак қурти боқишни тажрибада  синаб  кўргандик. Иккинчи бос-қичда ҳам ипак қуртларидан мўл ҳосил олгандик. Келгусида илғор усул туманимизда кенг жорий этилади ва агротехнологиядаги бу янгилик пиллакорлар моддий  манфаатдорлигини янада яхшилашга хизмат қилади.

Б. ҲОШИМОВ.

You may also like...

Fikr bildirish