ҚИЛМИШЛАРИ ФОШ БЎЛДИ

Қайси соҳада бўлмасин ҳалол, тўғри ишлаган, касбига садоқатли киши жамоада ҳурмат-эътибор топади. Аксинча, ўз манфаатини кўзлаб, нопок йўлни танлаган одамнинг қилмишлари бир куни фош бўлади.
1963 йили туғилган, олий маълумотли, оилали, 5 фарзанднинг отаси Гулистон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси вазифасида ишлайдиган Гулистон шаҳар 3-мавзе, “Боғишамол” маҳалласида яшовчи Абдужаббор Джурабаевич Тавбаев ҳамда ушбу корхонага қарашли бўлимларда масъул вазифаларда ишловчи бир гуруҳ кишилар қинғир йўлни танлашди…
А.Тавбаев ўз лавозимида ишлаб турган пайтида хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда жиноий шериклари: ушбу корхонанинг 346 ва 347-йўл қурилиши бошлиқлари ва Шуҳрат Пулатович Мамадалиев ҳамда Даурон Курбаналиевич Ўразбаевлар билан тил бириктириб (бир гуруҳга бирлашиб), бир неча марта ноқонуний ишга қўл уришган. Улар туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси билан Марказий халқаро давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларни сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш — фойдаланиш давлат корхонаси ўртасида йўлларни таъмирлаш тўғрисида 2016 йилда тузилган бир нечта пудрат шартномасига кўра режадаги таъмирлаш ишлари бўйича “бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб фактураси”ни тайёрлаб (аслида эса бажарилмаган ишлар учун), 16.3330.490 сўмлик маблағни ўзлаштириб юборишган.
Бу қинғир ишлар шу билан тугамаган. “Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича” қолиб, сирлари очилмаган жиноий шериклар 2017 йилда нопок ишларини давом эттиришган. Улар амалда бажарилмаган ишлар учун юқоридаги каби қалбаки ҳужжатлар тузиб, давлатнинг яна 15 миллиондан зиёдроқ маблағини талон-тарож қилишган. Лекин кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, жиноий гуруҳнинг кирдикорлари фош бўлди.
Судланувчи А.Тавбаев айбига иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймонлигини билдирган. Шу ўринда унинг хизмат доираси нималардан иборат эканлигини ёдга олиб ўтамиз. Бош муҳандиснинг хизмат вазифаларига корхона ишларини ташкиллаштириш, корхона йўл бўлим бошлиқлари томонидан бажарилган иш турларини ўрганиб, бажарилган ишлар маълумотномаси (форма-2) ҳужжатларини тасдиқлаш, ишчи-ходимларнинг доимий малака оширишини назорат қилиш, меҳнат интизомига риоя этилишини назорат қилиш ва шулар билан боғлиқ бошқа вазифалар киради. Лекин у амалда ўз вазифасига тескари иш тутган, яъни қалбаки ҳужжатларга имзо қўйиб, жиноий ишда шериклари билан биргаликда иштирок этган.
А.Тавбаев судда берган кўрсатмасида ушбу ноқонуний ҳолатлар Ш.Мамадалиев ва Д.Ўразбаевлар томонидан ҳисоботларни тузишда хатоликларларга йўл қўйилгани натижасида юзага келганлиги, улар тайёрланган ҳужжатларни тасдиқлашда эътиборсизлик қилгани, яъни ҳисоботларни тўлиқ ўрганиб чиқмасдан имзолаганлиги, айбига иқрорлиги ва пушаймонлигини баён қилиб, қонун доирасида енгиллик беришни сўради.
А.Тавбаев, Д.Ўразбаев ва Ш.Мамадалиевларга нисбатан жазо чораси белгилашда улар томонидан содир этилган жиноят оқибатида етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги инобатга олинди. А.Тавбаев, Д.Ўразбаевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167- ҳамда 70-моддасига асосан иш тутилди (озод этилди).
Ш.Мамадалиевга эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига биноан тайинланган муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди ва тегишли жазо тайинланди.

ХОЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish