БАРБОД БЎЛГАН РЕЖА

“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга асосан 2008 йил 8 июлда биринчи Президентимизнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур йўналишда республикамизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Лекин бу жиноят билан шуғулланаётганлар сони афсус камаймаётир. Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг 2018 йил 5 мартдаги Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 2-қисмининг “б”, “е” бандлари бўйича судланган Шаҳноза Орипжанова ҳамда ЖК 241-моддасининг 1-қисми билан судланган Раъно Алимовага нисбатан юритилган жиноят иши мисолида ҳам бу ҳолатни кўриш мумкин.

Жумладан, Ш.Орипжанова, “Матлюба Абдукадировна Шакарова” исм-шарифли аёл иштирокида фоҳишалик билан шуғулланиб, мулкий наф олиш истагида бўлган қиз-жувонларни топиб, уларни Ҳиндистон давлатига юбориб, қўшмачилик қилиб, даромад топиш ниятларида ўзаро жиноий тил бириктиришган. 2018 йил 12 январь куни соат 14.30 ларда, Гулистон шаҳар, 2-мавзе, 63-уйнинг олдида жабрланувчи “Н” исмли шахсга Ҳиндистон давлатининг Деҳли шаҳридаги кўнгил очиш масканларида фоҳишалик билан шуғулланиб, яхши даромад олиши мумкинлигини айтиб, уни фоҳишалик қилишга қизиқтиришган. Шу ниятда Ҳиндистон давлатига боришига кўндириб, фуқаролик паспортини ва икки дона Зх4 ҳажмдаги суратларини олиб, авиачипта расмийлаштириб, Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт орқали Ҳиндистон давлатига кетишга тайёрлашган.
Бундан ташқари, судланувчи Ш.Орипжанова такроран, яъни 2018 йил 15 январь куни жабрланувчи “Н” исмли шахс ижарада яшовчи хонадонда жабрланувчи “Д” исмли шахсга Ҳиндистон давлатининг Деҳли шаҳридаги кўнгил очиш масканларида фоҳишалик билан шуғулланиб, яхши даромад олиши мумкинлигини айтиб, Ҳиндистон давлатига боришига кўндирган.

2018 йил 17 январь куни Ш.Орипжанова жабрланувчиларнинг номига расмийлаштирилган визаларни ва авиачипталарни Ҳиндистон давлатига кетишлари учун тақдим этган.

2018 йил 18 январь куни соат 14.00 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан М 34-йўлининг Гулистон шаҳар “маҳалла” деб номланувчи қисмида жойлашган автобекатда ўтказилган тезкор тадбирда “Nехiа” русумли, 20 А 588 DА давлат рақамли автомашина тўхтатилиб, жабрланувчилар олиб қолинди. Улардан авиачипталар, визалар ҳамда 10 дона 100 миллиграм ҳажмдаги “Метрогил” номли, бир дона 400 миллиграм ҳажмдаги “Нолицин” номли, бир дона 250 миллиграм ҳажмдаги “Трихопол” номли, бир дона 110 миллиграм ҳажмдаги “Витадерм” номли тиббиёт дорилари солинган қутилар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилди.
Ўз навбатида судланган Р.Алимова судланган Ш.Орипжанова томонидан содир этилган оғир жиноят ҳақида аниқ билган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермасдан яширган.

Айбдорларнинг айблари ўзларининг, жабрланувчиларнинг ва гувоҳларнинг кўрсатувлари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суднинг ҳукми билан Ш.Орипжановага 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Судланувчи Р.Алимовага нисбатан энг кам иш ҳақининг 30 баробари, яъни 5.167.200 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди.

 

Абдусаттор АБДУРАЗЗАКОВ,
жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси.

 

You may also like...

Fikr bildirish